Samsung учта машҳур Galaxy смартфони учун янгиланишларни тўхтатди

Samsung компанияси ўзининг ўрта сегментдаги учта смартфони — Galaxy A13, Galaxy A23 ва Galaxy M33 5G моделлари учун дастурий таъминотни қўллаб-қувватлаш муддатини якунлади. Жорий ойдан бошлаб ушбу қурилмалар хавфсизлик янгиланишлари ва тизим янгиланишларини олиш рўйхатидан расман чиқарилди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Мазкур смартфонлар 2022-йил апрель ойида Android 12 базасидаги One UI 4.0 операцион тизими билан тақдим этилган эди. Galaxy A13 ва Galaxy A23 моделлари ўз ҳаётий сикли давомида иккита йирик тизим янгиланишини қабул қилди ва уларнинг охирги версияси One UI 6 (Android 14) бўлиб қолади.
Galaxy M33 5G модели эса бироз узоқроқ муддат қўллаб-қувватланди. У тўртта йирик янгиланишни қабул қилиб, охирги марта One UI 8 (Android 16) версиясигача янгиланди. Эндиликда ушбу қурилмалар учун мунтазам янгиланишлар чиқарилмайди.
Компания вакилларининг таъкидлашича, келгусида фақатгина ўта жиддий хавфсизлик камчиликлари аниқлангандагина ушбу моделлар учун махсус ямоқлар (патч) чиқарилиши мумкин. Фойдаланувчиларга хавфсизликни таъминлаш мақсадида янгироқ моделларга ўтиш тавсия этилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!