Олимлар 6Г технологияси учун товушни «суратга олиш» усулини ишлаб чиқди

Россиялик олимлар 6Г алоқа тармоқлари учун зарур бўлган ўта юқори частотали акустик фильтрларни яратиш жараёнини тезлаштирувчи ва арзонлаштирувчи янги усулни таклиф қилишди. Миллий тадқиқот университети (НИУ ВШE) ва П.Н. Лебедев номидаги Физика институти мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган ушбу технология смартфонлар ва бошқа қурилмалардаги сигнал сифатини яхшилашга хизмат қилади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Замонавий қурилмалардаги фильтрлар электромагнит сигналларни ультратовушга ва аксинча айлантириб беради. Бироқ, ишчи частоталар бир неча гигагерцдан ошганда, плёнка ва асос қатлами ўртасидаги боғланиш сифати пасайиши мумкин. Илгари бу муаммо фақат тайёр прототип йиғилгандан сўнг аниқланар эди, бу эса катта вақт ва маблағ йўқотилишига олиб келарди.
Янги усулда олимлар лазер импульсларидан фойдаланган ҳолда товуш тўлқинларини «суратга олиш» имконига эга бўлишди. Биринчи импульс акустик тўлқинни қўзғатса, иккинчиси унинг сирт бўйлаб ҳаракатини қайд этади. Олинган маълумотлар асосида тадқиқотчилар қатламлараро боғланишнинг вертикал ва кўндаланг қаттиқлигини аниқ ўлчашга муваффақ бўлишди.
Ушбу технология материалларга зарар етказмасдан, уларнинг яроқлилигини ишлаб чиқариш жараёнидан олдин текшириш имконини беради. Бу муҳандисларга 5G ва 6Г тармоқлари учун янада ишончли компонентларни лойиҳалашда ҳамда ишлаб чиқариш технологиясини аниқроқ созлашда катта ёрдам беради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!