АҚШда сунъий интеллект учун маълумотлар марказларини қуришга қаршилик кучаймоқда

АҚШда сунъий интеллект инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган янги маълумотлар марказларини қуришга қаршилик кескин ортиб бормоқда. Энергетика тизимига тушаётган ортиқча юк ва аҳолининг норозилиги сабабли маҳаллий ҳокимият органлари бундай лойиҳаларга нисбатан чекловлар ва вақтинчалик тақиқларни жорий этмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
У.С. Дата Сентер Мораториум Траккер маълумотларига кўра, жорий йилнинг март ва апрель ойларида мамлакатда 14 та янги мораторий ўрнатилди. Ҳозирги кунда турли штатлар ва округларда жами 50 га яқин шундай чекловлар амал қилмоқда. Баъзи ҳудудларда тақиқлар доимий тус олган бўлса, бошқаларида тегишли ташаббуслар муҳокама қилинмоқда.
Можароларнинг асосий сабаби — сунъий интеллект учун зарур бўлган улкан ҳисоблаш кластерларининг электр энергиясига бўлган юқори талабидир. Электр тармоқларини модернизация қилиш қимматга тушаётгани сабабли, харажатларнинг бир қисми оддий истеъмолчилар зиммасига юкланмоқда ва тарифларнинг ошишига олиб келмоқда. Айрим ҳудудларда электр энергияси улгуржи нархлари икки баробардан кўпроққа қимматлаган.
Аҳоли нафақат электр тўловларининг ошишидан, балки совутиш тизимларидан чиқаётган шовқин, инфратузилманинг эскириши ва яшаш ҳудудлари яқинида йирик саноат объектларининг қурилишидан ҳам норози. Сўровларга кўра, америкаликларнинг қарийб 47 фоизи ўз уйлари яқинида сунъий интеллект марказлари бўлишига қарши.
Ушбу вазият йирик технология компаниялари учун янги хавф омилига айланмоқда. Сунъий интеллект соҳаси ҳисоблаш қувватларини кенгайтиришга миллиардлаб доллар сармоя киритаётган бўлса-да, маҳаллий тақиқлар янги майдончаларни ишга туширишни секинлаштирмоқда ва рухсатномалар олиш жараёнини мураккаблаштирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!