Xiaomi компаниясининг янги қулоқчинлари 21 та тилни таржима қила олади

Xiaomi компанияси президенти Лу Вейбинг ўзининг илк қисқичсимон (клип-он) қулоқчинлари ҳақида янги маълумотларни ошкор қилди. Унинг сўзларига кўра, ушбу қурилма оддий аудио-гаджет бўлиб қолмай, балки кундалик ҳаётда фойдаланувчига ёрдам берадиган тўлиқ ҳуқуқли сунъий интеллект (AI) ёрдамчисига айланади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Янги қулоқчинларнинг асосий хусусиятларидан бири Хиао Аи овозли ёрдамчисининг интеграцияси ҳисобланади. Компания вакилининг таъкидлашича, мазкур ёрдамчи табиий мулоқотни қўллаб-қувватлайди ва фойдаланувчиларга юқори даражадаги «ҳиссий кўмак» бера олади.
Қурилма реал вақт режимида 21 та тилни таржима қилиш имкониятига эга бўлади. Бу функция турли мамлакат вакиллари ўртасидаги мулоқотни сезиларли даражада осонлаштиради. Шунингдек, қулоқчинлар суҳбатларни автоном тарзда ёзиб олиш ва бир тугма босиш орқали уларнинг қисқача мазмунини яратиш қобилиятига эга.
Лу Вейбинг ушбу янгиликни «яхшироқ эшитиладиган, самаралироқ ишлайдиган ва сизни чинакамига тушунадиган ақлли қулоқчинлар» деб таърифлади. Қурилманинг тўлиқ тақдимоти жорий ойда бўлиб ўтиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!