Электроника учун сунъий сапфир ишлаб чиқарувчи завод банкротлик ёқасида

Россиянинг «Монокристалл» акциядорлик жамияти ўзини банкрот деб эълон қилишга тайёргарлик кўрмоқда. Компания Ставропол ўлкаси Арбитраж судига тегишли ариза билан мурожаат қилиш ниятида эканлигини кредиторларга маълум қилди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Молиявий ҳисоботларга кўра, корхонанинг қисқа муддатли мажбуриятлари айланма активлардан 3,7 миллиард рублга ошиб кетган. Бу ҳолат компаниянинг жорий қарзларини тўлашда ликвидлик танқислигига дуч келганини англатади.
«Монокристалл» сунъий сапфир ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи корхоналардан бири ҳисобланади. Унинг маҳсулотлари, хусусан, смартфонлар ва ақлли соатлар учун ҳимоя ойналарини тайёрлашда кенг қўлланилади. 2022-йилда компания мазкур соҳада жаҳон бозоридаги энг йирик учта ишлаб чиқарувчидан бири эди.
Компания раҳбарияти молиявий инқирозни хомашё етказиб беришдаги узилишлар, Европа бозорининг ёпилиши ҳамда Осиё минтақасида электроника маҳсулотларига бўлган талабнинг пасайиши билан изоҳламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!