Хитойда электр ва водородни бир вақтда сақлайдиган батарея яратилди

Хитой Фанлар академиясининг Далиан кимёвий физика институти олимлари электр энергияси ва водородни бир вақтнинг ўзида сақлаш имконига эга бўлган янги турдаги аккумуляторни тақдим этди. Мазкур технологиянинг асосий афзаллиги шундаки, тизим экстремал босим ёки ўта паст ҳароратларни талаб қилмайди, балки хона ҳарорати ва нормал атмосфера босимида барқарор ишлайди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Янги батарея водород ва магний иштирокидаги кимёвий реакцияга асосланган. Зарядлаш жараёнида водород ажралиб чиқса, зарядсизланиш вақтида у металл билан бирикиб, қаттиқ ҳолатга ўтади. Бу жараён қурилмага нафақат энергия тўплаш, балки водородни аккумулятор ичида самарали сақлаш имконини беради.
Ишлаб чиқувчиларнинг маълумотларига кўра, тизимнинг самарадорлиги 94 фоизга етади, бу анъанавий термал сақлаш усулларидан қарийб учдан бир қисмга юқоридир. Proтотип -20 дан +90 даражагача бўлган кенг ҳарорат оралиғида барқарор ишлашини кўрсатди. Ўнта ячейкадан иборат кичик блок 2,4 вольтли кучланиш ҳосил қилиб, ёритиш мосламасини қувватлантиришга муваффақ бўлди.
Мутахассислар ушбу технология келажакда портатив электроника ҳамда қайта тикланувчи энергетика тизимларида кенг қўлланилишини кутмоқда. Ҳозирча лаборатория босқичида бўлган мазкур ишланма қиммат ва мураккаб юқори босимли водород резервуарларидан воз кечишга ёрдам беради. Келгусида олимлар батареянинг ишлаш муддатини узайтириш ва техник кўрсаткичларини янада яхшилаш устида иш олиб боради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!