Figure AI роботлари ва инсонлар ўртасидаги 10 соатлик мусобақа

АҚШнинг Figure AI компанияси сунъий интеллект асосида ишловчи роботлар ва инсонлар ўртасида қизиқарли мусобақа ташкил этди. 10 соат давом этган беллашувда томонлар қутиларни саралаш бўйича ўзаро куч синашди. Инсонлардан иборат стажёрлар жамоаси ва учта гуманоид робот навбатма-навбат юкларни қайта ишлаш жараёнида қатнашди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Мусобақа шартларига кўра, иштирокчилар пакетлардаги штрих-кодни сканерлаши ва уни конвеер тасмасига тўғри жойлаштириши керак эди. Инсонлар қонунчиликда белгиланган тушлик ва қисқа дам олиш танаффусларидан фойдаланган бўлса, роботлар ҳеч қандай тўхталишсиз, автоном режимда иш олиб борди.
Якуний натижаларга кўра, инсонлар 12 926 та, роботлар эса 12 757 та посилкани саралашга муваффақ бўлди. Роботлар ҳар бир қутини ўртача 2,83 сонияда қайта ишлаган бўлса, инсонлар бу кўрсаткични 2,79 сонияда бажарди. Гарчи роботлар кичик фарқ билан мағлуб бўлган бўлса-да, уларнинг самарадорлиги мутахассислар томонидан юқори баҳоланди.
Figure AI асосчиси ва бош директори Бретт Адкокк ушбу натижани гуманоид роботларни тижоратлаштириш йўлидаги муҳим қадам деб атади. Роботларнинг чарчамасдан, узоқ вақт давомида инсонлар билан деярли тенг натижа кўрсатиши келажакда логистика ва ишлаб чиқариш соҳаларида катта ўзгаришлар бўлишидан далолат беради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!