date

Figure тўрт ой ичида гуманоид роботлар ишлаб чиқаришни 24 баравар оширди

Figure тўрт ой ичида гуманоид роботлар ишлаб чиқаришни 24 баравар оширди

Американинг Figure AI компанияси ўзининг одаmsимон роботларини ишлаб чиқариш суръати кескин ошганини маълум қилди. Компания маълумотларига кўра, 120 кундан камроқ вақт ичида Figure 03 моделини ишлаб чиқариш кунига бир донадан соатига бир донагача кўтарилди. Бу йиғув линияси унумдорлигининг 24 баравар ошганини англатади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.

Ишлаб чиқувчиларнинг сўзларига кўра, бугунги кунга қадар 350 тадан ортиқ учинчи авлод роботлари ҳамда гуманоидлар конструкциясида қўлланиладиган 9000 дан ортиқ турли хил приводлар ишлаб чиқарилган. Автомобил саноати учун бу рақамлар камтарона кўриниши мумкин, бироқ гуманоид роботлар бозори учун бу сўнгги йиллардаги энг сезиларли ишлаб чиқариш сакрашларидан биридир.

Figure соҳага янги босқичга қадам қўяётганига ишонади. Агар илгари асосий эътибор роботларнинг рақсга тушиши ёки югуриши акс этган видеоларга қаратилган бўлса, эндиликда рақобат оммавий ишлаб чиқариш, ишончлилик ва сунъий интеллектни ўқитиш учун маълумотлар тўплаш томон силжимоқда. Ҳар бир ишлаётган робот ҳаракатлар, хатолар ва атроф-муҳит ҳақида улкан ҳажмдаги маълумотларни йиғади, бу эса бошқарув алгоритмларини яхшилашга хизмат қилади.

Ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун Figure 150 дан ортиқ ўзаро боғланган ишчи станцияларни бошқарадиган хусусий дастурий таъминотни ишлаб чиқди. Сифатни назорат қилиш мақсадида заводда 50 дан ортиқ оралиқ текшириш босқичлари ва ҳар бир робот учун 80 дан ортиқ якуний тестлар жорий этилган. Шунингдек, аккумуляторларни синаш ва яширин нуқсонларни аниқлаш учун минглаб такрорий ҳаракатлардан иборат бурн-ин тестлари ўтказилмоқда.

Ҳозирда Figure роботларнинг катта гуруҳларини бошқариш учун зарур бўлган инфратузилмани ҳам барпо этмоқда. Бунга дастурий таъминотни масофадан янгилаш, носозликларни ташхислаш ва бутун қурилмалар паркини сервис хизмати билан таъминлаш тизимлари киради. Компания маълумотларига кўра, роботларни муваффақиятли йиғиш кўрсаткичи аллақачон 80 фоиздан ошган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Техно » Figure тўрт ой ичида гуманоид роботлар ишлаб чиқаришни 24 баравар оширди