SpaceX Старбасе мажмуасида ишчи ҳалок бўлди

Техас штатидаги SpaceX компаниясига қарашли Старбасе учириш майдончасида ишчи вафот этди. Меҳнат хавфсизлиги ва соғлиқни сақлаш бошқармаси (ОША) ушбу бахтсиз ҳодиса юзасидан расмий текширув ишларини бошлади. Ҳозирча ҳалок бўлган шахснинг кимлиги ва ҳодиса тафсилотлари очиқланмаяпти. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Мазкур фожиа SpaceX компаниясининг янгиланган Starship ракетасини учиришга тайёргарлик кўраётган бир пайтда юз берди. Компания вакиллари ва маҳаллий расмийлар ҳодиса юзасидан изоҳ беришдан бош тортишди. ОША текширув якунланмагунча қўшимча маълумот тақдим этмаслигини маълум қилди, бу жараён бир неча ой давом этиши мумкин.
SpaceX компаниясининг Старбасе мажмуаси аввал ҳам ишчилар хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар туфайли танқидга учраган. 2025-йилда ўтказилган таҳлиллар ушбу майдонча саноатдаги бошқа рақобатчиларга нисбатан юқори жароҳатланиш даражасига эгалигини кўрсатган эди. Январ ойида ОША кран қулаши билан боғлиқ хавфсизлик қоидаларини бузгани учун SpaceX компаниясига нисбатан йирик жарималар белгилаган эди.
Компания сўнгги йилларда иш жойидаги жароҳатлар билан боғлиқ бир нечта суд даъволарига ҳам дуч келмоқда. Хусусан, ўтган йили пудратчи компания ходимининг оғир тан жароҳати олиши билан боғлиқ ҳолат ҳам жамоатчилик эътиборини тортган эди. Ҳозирги вазият SpaceX компаниясининг хавфсизлик стандартлари борасидаги масъулиятини яна бир бор савол остига қўймоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!