Samsung дунёда биринчи бўлиб HBM4E хотирасини бозорга чиқарди

Samsung компанияси йирик глобал мижозларга соҳадаги илк 12 қатламли HBM4E хотира намуналарини етказиб бериш бошланганини эълон қилди. Янги авлод хотираси компаниянинг ҲБМ линиясидаги навбатдаги босқич бўлиб, у жорий йил бошида Samsung томонидан оммавий ишлаб чиқарилиши бошланган HBM4 технологиясининг мантиқий давомидир. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Samsung вакилларининг сўзларига кўра, HBM4E хотираси сунъий интеллект (AI) тизимлари ва катта тил моделларининг (LLM) ишлашини сезиларли даражада тезлаштириш учун мўлжалланган. Ушбу технология маълумотларни узатишда 14 Гбит/с барқарор тезликни таъминлайди ва бу кўрсаткични 16 Гбит/с гача ошириш имконияти мавжуд. Ҳар бир стек учун ўтказувчанлик қобилияти эса 3,6 TB/с га етади.
Ҳозирги 12 қатламли версия 48 GB ҳажмни таклиф этмоқда, бу аввалги авлодга нисбатан 30 фоиздан кўпроқ сиғим деганидир. Келажакда компания ушбу линияни 32 GB ва 64 GB ҳажмли конфигурациялар билан кенгайтиришни режалаштирмоқда. Бу эса юқори унумдорликка эга ҳисоблаш тизимлари учун янги имкониятлар очади.
Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, архитектура ва қадоқлашни оптималлаштириш ҳисобига энергия самарадорлиги 16 фоизга оширилган. Шунингдек, иссиқлик тарқатиш хусусиятлари ҳам аввалги авлодга қараганда 14 фоиздан кўпроқ яхшиланган. Samsung HBM4E хотирасини оммавий ишлаб чиқаришни синов етказиб бериш босқичи якунлангач, буюртмачиларнинг графикларига мувофиқ бошлашни кўзламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!