Xiaomi илк душ тизимини тақдим этди: Чидамли шиша ва пианино услубидаги тугмалар

Бугун Хитойда Xiaomi Mijia брендининг илк душ тизими расман сотувга чиқди. Янги қурилма тахминан 150 доллар эквивалентида баҳоланмоқда. Сотувлар бошланиши билан бир вақтда ушбу тизимнинг техник имкониятлари ва ўзига хос жиҳатлари ҳақида батафсил маълумотлар эълон қилинди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Моделнинг асосий хусусиятларидан бири — узунлиги 370 мм бўлган ўта кенг жавонидир. Унда шампунлар, душ геллари ва бошқа гигиена воситаларини бемалол жойлаштириш мумкин. Шунингдек, тизим уч хил режимда ишловчи 305 мм ўлчамли квадрат шаклидаги юқори душ каллагига эга.
Тизим деворга маҳкамланадиган катта тобланган шиша панел билан жиҳозланган. Ушбу шиша тирналишларга чидамли ва осон тозаланади. Миксернинг юқори қисми жавон вазифасини ўтайди, шу билан бирга у иссиқлик изоляцияси хусусиятига эга бўлиб, фойдаланувчини куйишдан ҳимоя қилади.
Қурилма пианино клавишлари услубидаги алоҳида бошқарув тугмаларини олди. Сув узатишнинг тўрт хил режими мавжуд: юқори душ, қўл души, максимал босимли душ ва «шаршара» режими. Шунингдек, бир вақтнинг ўзида бир нечта каналдан (масалан, юқори ва қўл души) сув узатиш функцияси ҳам қўшилган.
Душ тизимининг ички қисми Ҳ59 маркали антибактериал латунли яхлит корпусдан ишланган. Ҳароратни силлиқ созлаш имконияти мавжуд бўлиб, қўл души ҳам оддий ва ингичка оқим режимларида ишлай олади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!