Россия 2035-йилда Ойга янги қўниш аппаратини учиришни режалаштирмоқда

Россиянинг “Луна-31” миссияси 2035-йилга мўлжалланган бўлиб, унинг доирасида Ой юзасига махсус учиш-қўниш аппарати юборилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Россия Фанлар академияси Коинот тадқиқотлари институти илмий раҳбари Лев Зелёний “Интеркосмос — 60” кўргазмасининг очилиш маросимидаги тақдимотида маълум қилди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Тақдим этилган ҳужжатларга кўра, Россиянинг Ой дастури кенг кўламли графикни ўз ичига олади. Хусусан, 2033-йилда “Луна-30” миссияси доирасида оғир вазнли луноход учирилиши режалаштирилган. Ушбу қурилма Ойнинг қутб яқинидаги ҳудудларида моддалар таркибини ўрганиш билан шуғулланади.
Шунингдек, 2036-йил учун ҳам “Луна-31” индекси остида яна бир миссия белгиланган. Бу аппарат астрономия, ресурсларни қидириш ва биология соҳасидаги тадқиқотлар учун мўлжалланган қўниш платформаси бўлиши кўзда тутилган. Аввалроқ “Луна-28”, “Луна-29” ва “Луна-30” аппаратларини 2032–2036-йиллар оралиғида учириш имкониятлари муҳокама қилинган эди.
Яқин йиллар ичида амалга оширилиши кутилаётган асосий лойиҳалар “Луна-26” ва “Луна-27” бўлиб қолмоқда. Биринчи миссия Ойни узоқ вақт давомида ўрганувчи орбитал платформага айланади, иккинчиси эса сунъий йўлдошнинг қутб зонасига аниқ ва хавфсиз қўниш технологияларини синовдан ўтказади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!