Chrome OS рақобатчиси – Windows 10 S тақдим этилди

  • 03 май 2017, 12:39
  • 4 382
  • Технология
  • Chrome OS рақобатчиси – Windows 10 S тақдим этилди
    Нью-Йоркдаги тадбир давомида Microsoft ўзининг Windows 10 S операцион тизимини намойиш этди. Компания буни ҳамёнбоп компьютерларда ишлаш учун оптималлаштирилган – енгил операцион тизим версияси сифатида тақдим қилмоқда, деб ёзади Terabayt.uz сайти.

    Windows 10 S’да дастурларнинг, жумладан, тўлақонли Office тўпламининг ҳам тўлиқ десктоп версиялари бемалол ишлайди. Ягона шарти – бу иловалар Windows Store’да мавжуд бўлиши лозим.

    Яъни, агар Google ўзининг Chrome браузерини Windows Store’га юкласагина, уни янгича операцион тизимга ўрнатиш мумкин бўлади. Шунгача эса Microsoft ўзининг Edge браузерини оммалаштиришда давом этаверади.

    Агарда фойдаланувчи бирор дастурни Microsoft’нинг дўконидан эмас, бошқа манбадан юклаб олишга уринса, тизим унга шу дастурнинг Windows Store’даги муқобилини таклиф қилади. Агарда ўша чет илованинг ўзи керак бўлса, фойдаланувчи ўз компьютери тизимини Windows 10’га янгилаши ва кейин исталган дастурни хоҳлаган жойдан кўчириб олиб ўрнатиши мумкин бўлади.

    Компания вакилларининг сўзларига кўра, Dell, HP, Samsung, Toshiba, Acer, Asus ва Fujitsu аллақачон Windows 10 S’га мос қурилмалар устида иш бошлашган.

    Янги тизимни қўллаб-қувватловчи бошланғич даражадаги ноутбуклар нархи 189 АҚШ долларидан бошланиши айтилмоқда.

    Мазкур компьютерлар аввало таълим соҳасига мўлжалланган; шу боис нархи ҳамёнбоп, яна унда Minecraft: Education Edition ҳамда Office 365 дастурларига ўқувчи ва ўқитувчилар учун бепул обуна йўлга қўйилган. Булардан ташқари, мактабларга ўзларининг эски компьютерларига Windows 10 S’ни бепул ўрнатиш ҳам таклиф қилинади.

    Янги операцион тизимни ҳамда унинг базасида чиқариладиган ноутбукларни шу йил ёзда – айнан янги ўқув йили арафасида синаб кўриш мумкин бўлади.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Chrome OS рақобатчиси – Windows 10 S тақдим этилди