Amazon Веб Сервисес тизимидаги хатолик: Мижозларга триллионлаб долларлик ҳисоблар келди

Дунёнинг энг йирик булутли ҳисоблаш платформаси ҳисобланган Amazon Веб Сервисес (AWS) тизимида юз берган техник носозлик бутун дунё бўйлаб минглаб фойдаланувчиларни шокка туширди. Одатда бир неча доллар тўлайдиган мижозлар ўз электрон почталарида триллионлаб долларлик ҳисоб-фактураларни кўриб, ҳақиқий ваҳимага тушишган. Мазкур ҳодиса нафақат техник хатолик, балки кўплаб фойдаланувчилар учун жиддий стресс манбаига айланди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Те Гуардиан нашри ва бошқа халқаро ОАВ маълумотларига кўра, тизимдаги носозлик туфайли ҳисоб-китоблар астрономик даражага кўтарилиб кетган. Масалан, мактаб ҳудудларини аудит қилиш билан шуғулланувчи хайрия ташкилоти вакили Ден Харви ўз тажрибасини сўзлаб берди. Унинг сўзларига кўра, одатда ойига 1 фунт стерлингдан камроқ маблағ сарфланадиган илова учун Amazon 7,8 миллиард долларлик ҳисоб чиқарган. Бу кутилмаган рақам ташкилот раҳбариятида деярли "юрак хуружи"ни келтириб чиқарган.
Триллион долларлик "совғалар" ва фойдаланувчилар шоки
Вазият баъзи фойдаланувчилар учун янада даҳшатлироқ кўриниш олган. Ижтимоий тармоқларда Бҳарат исмли фойдаланувчи ўз ҳисобидан скриншот улашди, унда хизматлардан фойдаланиш даражаси ўтган ойга нисбатан 745 миллиард фоизга ошгани ва тўлов суммаси 1,5 триллион долларни ташкил этгани кўрсатилган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич кўплаб ривожланган давлатларнинг ялпи ички маҳсулотидан ҳам юқоридир.Ҳиндистонлик талаба Сачин ҳам шундай муаммога дуч келди. У ҳар ой ўртача 1,28 доллар тўлаб келган бўлса-да, бу сафар унга 10,9 миллиард долларлик ҳисоб келган. Шунингдек, "Те Севентеент Сентурй Ладй" веб-сайти эгаси Андреа Зувичга 245 миллиард долларлик тўлов талабномаси юборилган. Бу сумма Amazon асосчиси Jeff Bezosнинг умумий бойлигига деярли тенг экани фойдаланувчилар ўртасида ҳам киноя, ҳам қўрқув уйғотди.
Amazon муносабати ва хатолик сабаби
Компания мутахассислари бир неча соатлик текширувлардан сўнг муаммонинг илдизини аниқлашди. Маълум бўлишича, ҳисоб-китоб қуйи тизимидаги маҳсулот бирлиги нархини белгилашда техник носозлик юз берган. Натижада тизим автоматик равишда барча хизматлар нархини миллионлаб марта ошириб юборган.Ҳозирда Amazon Веб Сервисес қуйидаги чораларни кўрмоқда:
- Ҳисоб-китоб тизими вақтинча ўчириб қўйилди;
- Барча нотўғри ҳисобланган маълумотлар қайта кўриб чиқилмоқда;
- Мижозларга ҳақиқий сарф-харажатлар асосида янги ҳисоб-фактуралар юборилмоқда.
Amazon вакиллари барча хатоликлар тузатилишини ва фойдаланувчилардан ортиқча маблағ ечиб олинмаслигини маълум қилишган. Бироқ, фойдаланувчиларнинг таъкидлашича, бундай хабарлар туфайли олинган руҳий зарба ва стрессни компенсация қилиш қийин бўлади.






























Изоҳлар 0
…