Ўзбекистонлик ўқувчилар халқаро кимё олимпиадасида 4 та медални қўлга киритди

Ўзбекистонлик ўқувчилар халқаро кимё олимпиадасида 4 та медални қўлга киритди

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган 58-Халқаро кимё олимпиадаси (IChO-2026) Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли якунланди. Миллий жамоанинг барча тўрт нафар иштирокчиси медалдорлар сафидан ўрин олиб, мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилди.

Терма жамоа ҳисобига 1 та олтин ва 3 та кумуш медаль ёзилди. Райҳона Туймуродова олтин медални қўлга киритган бўлса, Жасур Мустафоев, Азизмуҳаммад Ҳафизов ва Миржалол Хомиджонов кумуш медал билан тақдирланди.

10–19 июль кунлари бўлиб ўтган нуфузли олимпиадага Ўзбекистон илк бор мезбонлик қилди. Шу билан бирга, мазкур мусобақа Марказий Осиё тарихида биринчи марта ташкил этилган Халқаро кимё олимпиадаси сифатида ҳам қайд этилди. Унда 93 давлатдан 700 нафардан ортиқ ўқувчи, мураббий ва расмий вакиллар иштирок этди.

Президентнинг 2024 йил 30 сентябрдаги қарорига мувофиқ, халқаро фан олимпиадалари ғолиблари ҳамда уларнинг устозлари давлат томонидан бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Унга кўра, олтин медал соҳибига 1 миллиард 30 миллион сўм, кумуш медал соҳибига эса 618 миллион сўм, бронза медал учун — 412 млн сўм мукофот берилади. Шунингдек, ғолибларни тайёрлаган ўқитувчилар ҳам пул мукофоти билан тақдирланиб, уларнинг малака тоифаси бир поғонага оширилади.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар