Кристофер Нолан сунъий интеллектни “шаффоф Троян оти” деб атади

Голливуднинг энг нуфузли режиссёрларидан бири, “Оскар” мукофоти совриндори Кристофер Нолан сунъий интеллект технологияларининг жадал ривожланишига нисбатан ўзининг кескин танқидий муносабатини билдирди. Ҳозирда ўзининг янги “Одиссея” фильми билан катта экранларни забт этаётган режиссёр, ушбу технологияни инсониятга тақдим этилаётган хавфли совғага қиёслади. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
ҲугоДекрйпте YouTube канали учун берган интервюсида Нолан сунъий интеллектни (AI) қадимги юнон афсоналаридаги “Троян оти” билан солиштирди. Бироқ, режиссёрнинг фикрича, бугунги вазият бироз бошқача. “Менимча, сунъий интеллект шундай Троян отики, унинг ичида юнонлар борлигини ҳамма билади. Бу шаффоф, шишадан ясалган отга ўхшайди”, — дея таъкидлади у технологиянинг хавфлари яширин эмаслигига ишора қилиб.
Ноланнинг сўзларига кўра, у ўз фаолияти давомида жамоатчилик, айниқса, ёш авлод томонидан бунчалик кескин рад этилган бошқа бир технологияни кўрмаган. Режиссёр ёшларнинг интернетдаги AI-видеоларга нисбатан салбий муносабатини ва уларни “AI слоп” (сунъий интеллект чиқиндиси) деб аташини соғлом скептицизм белгиси сифатида баҳолади.
Технологик тараққиёт ва ижодий хавфсизлик
Кристофер Нолан нафақат режиссёр, балки Америка Режиссёрлар гилдияси (ДГА) президенти сифатида ҳам сунъий интеллектга қарши курашда фаол иштирок этмоқда. 2023-йилда Голливудда бўлиб ўтган сценарийнавислар ва актёрлар иш ташлашларида айнан генератив AI масаласи асосий мавзулардан бири бўлган эди. Гилдия ўзининг сўнгги шартномаларида ижодкорларни ушбу технология таҳдидидан ҳимоя қилувчи бандларни киритишга муваффақ бўлди.Маълумки, Нолан технологияларга нисбатан консерватив ёндашуви билан танилган. У смартфонлардан фойдаланмайди ва рақамли камералардан кўра анъанавий плёнкани афзал кўради. Унинг “Одиссея” фильми тўлиқлигича Имах плёнкалари ва камераларида суратга олинган биринчи бадиий асар бўлди. Режиссёрнинг фикрича, рақамли тизимлар ҳали ҳам инсон кўзи дунёни кўрадиган даражадаги тасвирни бера олмайди.
Нолан ўзини “технофоб” (технологиялардан қўрқувчи) эмас, балки “техно-скептик” деб ҳисоблайди. У янги технологиялар кўпинча мавжуд ва ҳали ҳам самарали бўлган тизимлар ҳисобига жорий этилишидан хавотирда. “Биз ўз соҳамизда болани ваннадаги сув билан бирга тўкиб юбориш ҳолатига келиб қолдик. Биз деярли плёнкани йўқотиб қўйган эдик”, — дейди у ixbt.com нашри келтирган иқтибосда.
Режиссёрнинг хулосасига кўра, ҳар қандай янги технологияга кўр-кўрона ишониш эмас, балки уни тақдим этаётган томонларнинг мақсадларини шубҳа остига олиш керак. Фақат шундагина технологиядан инсоният манфаати учун энг яхши натижани олиш мумкин бўлади. Ноланнинг ушбу чиқиши сунъий интеллектнинг санъат ва кундалик ҳаётга кириб келиши борасидаги глобал баҳсларни янада қизитиши кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…