SpaceX Виасат сунъий йўлдошини блоклашни талаб қилмоқда

Илон Маскга тегишли бўлган SpaceX компанияси АҚШ Федерал алоқа комиссиясига (ФКК) мурожаат қилиб, Виасат компаниясининг навбатдаги космик аппаратига мамлакат бозорида фаолият юритишни тақиқлашни талаб қилди. Мазкур мурожаатга Starlink интернет тармоғига юзага келиши мумкин бўлган жиддий халақитлар ва радиочастота зиддиятлари сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
ixbt.com маълумотига кўра, SpaceX расмийлари ФККдан Виасат-3 F2 сунъий йўлдошининг АҚШ ҳудудидаги фаолиятини чеклашни сўрамоқда. Компания фикрича, мазкур космик аппарат истеъмолчиларга интернет хизматларини кўрсатишда тармоқ барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиши ва мижозлар учун қатор қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин.
Музокаралар натижасиз якунланди
Тарқатилган маълумотларга кўра, асосий муаммо икки компания ўртасида частоталарни мувофиқлаштириш бўйича ўзаро келишувга эришилмаганида ётибди. SpaceX вакилларининг таъкидлашича, томонларда техник тафовутларни бартараф этиш ҳамда частоталарни тақсимлаш учун етарли вақт бўлганига қарамаздан, амалда ҳеч қандай жиддий музокаралар олиб борилмаган.SpaceX компаниясининг сунъий йўлдош сиёсати бўйича вице-президенти Девид Голдман 25 саҳифадан иборат расмий ҳужжатда ўз эътирозларини баён этган. Унинг сўзларига кўра, лисензия шартларида белгиланган мувофиқлаштириш жараёнларини якунлаш учун беш йилдан ортиқ вақт берилганига қарамай, Виасат бу борада амалий қадамлар ташламаган.
Частота диапазонидаги зиддият
Мурожаатномада қайд этилишича, Виасат компанияси геостационар бўлмаган сунъий йўлдош орбиталари (НГСО) учун мўлжалланган Ка диапазонларида фаолият юритишни давом эттирмоқда. Бу эса Starlink тармоғининг иш жараёнига техник тўсқинликлар туғдириб, радиочастоталар кесишишига олиб келиши мумкин.Ҳозирги кунда глобал миқёсда космик интернет хизматларини кўрсатувчи провайдерлар сони ортиб бораётгани сабабли орбитал частоталар учун рақобат кескинлашмоқда. Бундай шароитда компаниялар ўртасидаги ҳар қандай техник келишмовчиликлар нафақат уларнинг ўзига, балки охирги истеъмолчиларга ҳам таъсир кўрсатиши табиий.
Ҳозирча АҚШ Федерал алоқа комиссияси SpaceX компаниясининг ушбу талаби юзасидан якуний қарор эълон қилгани йўқ. Регулятор идора ҳар икки томоннинг важларини ўрганиб чиқиб, мамлакат истеъмолчилари манфаатларини кўзлаган ҳолда тегишли тўхтамга келиши кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…