19:53 / 19.07.2017
5 706

Павел Дуров: «Биз террорчиларга дўст эмасмиз!»

Павел Дуров: «Биз террорчиларга дўст эмасмиз!»
«ВКонтакте» ижтимоий тармоғининг ҳамда Telegram мессенжерининг асосчиси Павел Дуров ушбу иловани буткул чеклаб қўйган Индонезия ҳукумати билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирган. Бу ҳақда у Telegram’даги ўзининг каналида пост эълон қилган, деб ёзади Terabayt сайти.

«Гап шундаки, вазирлик ходимлари яқинда мазмуни террорчиликка алоқадор бўлган каналлар рўйхатини электрон почта орқали бизга юборишган, бизнинг жамоамиз эса уларни тезда кўриб чиқа олмаган. Афсуски, мен бу илтимослардан бехабар қолганман, бу эса вазирлик томонидан англашилмоқчиликни келтириб чиқарган», – деб ёзади Дуров ўз каналида.

Telegram асосчисининг хабар беришича, вазиятни тўғрилаш учун бир нечта чоралар қабул қилинган. Биринчидан, Алоқа ва ахборот технологиялари вазирлиги томонидан маълум қилинган – террорчиликка алоқадор бўлган барча оммавий каналлар ёпилган. Иккинчидан, Дуров тўғридан-тўғри алоқа каналини ўрнатиш учун мазкур вазирликка хат юборган; бу эса келажакда ҳам террорчилик тарғиботини аниқлаш ҳамда тўсиқ қўйиш устида самарали ишлашга имкон беради. Учинчидан, Telegram’да инодонезияликлар тилини биладиган ва мамлакат маданияти билан таниш бўлган модераторлардан иборат махсус жамоа тузилади; бу эса террорчиликка алоқадор контент ҳақидаги маълумотларни тезда кўриб чиқиш имкониятини яратади.

«Telegram кучли шифрланган ва махфийликка йўналтирилган, лекин биз террорчиларга дўст эмасмиз, – деб ёзади Дуров. – Биз ҳар ойда ИШИДга алоқадор бўлган минглаб оммавий каналларни блоклаб ва бу ишнинг натижаларини @isiswatch каналида эълон қилиб келмоқдамиз. Биз ҳамиша террорчилик тарғиботининг олдини олишда янада самаралироқ ишлашга интиламиз ва вазиятни яхшилаш борасидаги ғояларни доимо қўллаб-қувватлаймиз».

Эслатиб ўтамиз, Индонезия ҳукумати 14 июль куни мамлакатда Telegram мессенжери фаолиятини блоклаб қўйган эди. Павел Дуров эса аввалроқ ўзининг каналида Telegram овозли қўнғироқларининг ҳимояланганлиги таъкидлаб, асосий рақобатчи мессенжер – WhatsApp’ни, шунингдек Facebook ва бошқа айрим сайтларни ўз фойдаланувчиларининг маълумотларини сотаётганликда айблаган эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Павел Дуров: «Биз террорчиларга дўст эмасмиз!»