16:09 / 21.08.2017
14 822

Нархига муносиб ҳамёнбоп Android-смартфонлар – ТОП-8

Нархига муносиб ҳамёнбоп Android-смартфонлар – ТОП-8
Сўнгги йилларда смартфон бозорида пала-партишлик кўзга ташланмоқда. Ҳамёнбоп ва флагманларга хос жиҳатлар жорий қилинган смартфонларнинг тақдим қилиниши харидорларни чалғитмоқда. Xiaomi, Meizu ва бошқа компаниялар баъзи функцияларига кўра Galaxy S8 каби қиммат флагманлар билан беллаша оладиган ҳамёнбоп смартфонларни ишлаб чиқармоқдалар. Шу билан бирга, таниқли брендлар ўзига яраша смартфонларни қиммат нархда сотишни афзал кўришмоқда. Қуйида эътиборингизга яхши, нисбатан арзон 8 та Android-смартфонларни тақдим қиламиз.

Doogee X9 Mini

Aliexpress савдо платформасидаги энг арзон смартфонлардан бири бўлган Doogee X9 Mini 60$ долларга арзийди.

Қулай, шаклдор металл корпус, тезкор ишлайдиган бармоқ излари сканери, пишиқ ҳимоя шишаси, 5 дюймли ва IPS-дисплейли HD (1280 x 720 пикселли) экрани билан Doogee X9 Mini яхши гаджет. Экранга доғ-дуғга қарши қоплама ҳам ётқизилган.

Арзон беиллат бўлмас, дейишга шошилманг. Doogee X9 Mini Mediatek MT6580 чипи, MaliT400MP2 видео-картаси, 1 Гб тезкор ва 8 ГБ доимий хотира, 5 мегапикселли камера, 2000 мА соат ток сиғимли аккумулятори, Android Marshmallow тизими ва 3G тармоғида ишлаши билан ўзига хос.

Xiaomi Redmi 4a

74 АҚШ долларидан сотувга чиққан Xiaomi Redmi 4A 5 дюймли, HD сиғимли IPS экран, 13 МПли (f/2.2) асосий ва 5 Мпли олд камера, тўрт ядроли Snapdragon 425 процессори ва 2 ГБ тезкор хотира билан жиҳозланган. Доимий хотирасининг сиғими 16 ГБ, бироқ уни microSD ёрдамида 128 ГБгача кенгайтириш мумкин. Батареянинг сиғими – 3120 мА/соат. Гарчи қурилмага бармоқ изи сканери ўрнатилмаган бўлса-да, бироқ у ИК-порт ва 4G модуль билан таъминланган.

Meizu M5s

Смартфон 5,2 дюймли, унинг дисплей сиғими HD (720 x 1280 пиксель). Экран 2.5D туридаги силлиқ ҳошияли ҳимоя шишаси билан қоплаб олинган. Гаджетдаги бош камера 13 мегапикселли. Камера фазали автофокус тизими ва икки тусли фоточақноққа эга. Телефонда 5 мегапикселли олд камера мавжуд.

Ҳамёнбоп смартфонга 1,3 ГГц частота тезлигида ишлайдиган 8 ядроли MediaTek MT6753 процессори, Mali-T760 график-тасвир чипи ўрнатилган. Гаджетнинг оператив хотираси 3 ГБ ҳамда доимий ички хотира версиясидан келиб чиқиб, 16 ёки 32 ГБ.ни ташкил қилади. Бу хотирани кенгайтириш учун қўшимча флешка учун microSD бўлмачаси ташкил қилинган.

Meizu M5s аккумулятор 3 000 мА соат қувват сиғимига эга. Ундаги mCharge 18w технологияси смартфонга тезкор қувват олиш имконини туғдиради.

Oukitel U15S

100 АҚШ долларига ҳам яхши чипга эга смартфон сотиб олиш мумкин. Мисол учун, Oukitel U15S смартфони. Интернет савдо платформаларида 105$ доллардан сотилаётган бу гаджет — чинакам ҳамёнбоп.

FHD дисплей, 4Гб тезкор ва 32 Гб доимий хотира, металл корпус ҳамда Helio P10 MTK6750 процессори ўрнатилган бошқа бундай арзон смартфонни учратиш қийин.

Унинг нима камчилиги борлигига қизиқишингиз табиий. Бу автоном фаолият, яъни аккумулятор сиғимининг кичиклиги. 2 700 мА соат ток сиғимига эга "қувват тоши" бугунги фаол фойдаланувчи учун камлик қилади. Устига-устак FHD-дисплейли смартфон учун!

Meizu M5 Note

21 сонияда миллион дона сотилган мобил алоқа воситаси ҳақида эшитганмисиз? Тўғри англадингиз, бу -- Meizu M5 Note. 2016 йилнинг кузида тақдим қилинган смартфоннинг энг оддий версияси учун 130 доллар нарх белгиланган.

5 дюймли FHD экран, саккиз ядроли Helio P10 процессори, 2/3/4 ГБ оператив, 16/32/64 ГБ (уч хил модификацияда) доимий хотира, 13 ва 5 МПли камераларга эга бўлади. Аккумуляторнинг сиғими анча йирик – 4000 мА/соат.

Тўлиқ металл корпусли девайснинг биринчи партияси Jingdong (JD.com) онлайн-дўконида 2016 йилнинг 8 декабрида сотувга чиқарилган. Gizmo China сайтида берилган хабарга кўра, харидорлар томонидан 21 сония ичида миллион дона Meizu M5 Note смартфони сотиб олинган.

Xiaomi Redmi Note 4X 

Xiaomi Redmi Note 4X – чўнтак кўтарадиган нархдаги янги илғор смартфон бўлиб, ундаги сифатли тасвирга олувчи камера ҳамда кенг қувват сиғимига эга аккумулятор кўпчилик харидорлар учун айни муддао.

Xiaomi Redmi Note 4X гаджети замонавий 8 ядроли Snapdragon 625 процессори билан таъминланган. Унда Cortex-A72 ядросидан фойдаланилгани процессорнинг самарадорлигини янада оширади. Гаджетнинг тезкор хотираси сиғими 3 гигабайт. Шунингдек, смартфонда 32 ГБ сиғимли доимий ички хотира мавжуд.

“Ақлли телефон” 5,5 дюймли экраннинг тасвир сиғими Full HD, яъни 1920×1080 пикселга тенг. Xiaomi Redmi Note 4X’да бош камера 13 Мп, олд камера 5 Мп сиғимли. Xiaomi Redmi Note 4X аккумуляторининг электр токи сиғими 4100 мА соат. Смартфонда SIM-карта қўйишга мўлжалланган икки бўлмача мавжуд.

Хитойда Xiaomi Redmi Note 4X 141 АҚШ долларидан сотилмоқда.

Xiaomi Mi5, Mi5s ва ZUk Z2 Pro

2016 йилда Хитойда тақдим қилинган баъзи бир флагманлар вақт ўтгани сайин арзонлашмоқда. Улар бугун ҳам илғор жиҳатлари билан пешқадам. Шу билан бирга, нарх борасида анча инсоф доирасида.

Мисол учун, бугун 230 – 270$ долларга Xiaomi Mi5, Mi5s ҳамда ZUk Z2 Pro харид қилиш мумкин. Бу пул эвазига кучли процессор, сифатли экран ва яхши камерага эга смартфонларга эга бўласиз.

Шу билан бирга, 2017 йилда тақдим қилинган ва 220 АҚШ долларига баҳоланган Xiaomi Mi5x ҳам яхши танлов.

Xiaomi Mi Max 2 

Mi Max'нинг 2-авлоди бенуқсон алюминий корпусли дизайнда ишлаб чиқарилди. Хитойда уни $240 доллардан харид қилиш мумкин. Ундаги 6,44 дюймли Full HD (1920x1080 пикселли) экран 2,5D шаклидаги ҳимоя ва безак шишаси билан қопланган. Экран атрофидаги қора ҳошия нисбатан юпқалашган.

Mi Max 2 учун смартфон саноатида янги бўлган Qualcomm Snapdragon 625 чипидан фойдаланилган. Фаблет 4 гигабайтли тезкор ва 64 гигабайтли доимий хотирага эга. Хотирани кенгайтириш имкони берилади.

Mi Max 2'нинг том ва қуйи қисмида стереодинамиклар ҳам ўрнатилган. Mi Max 2'нинг йирик -- 5300 мА соат ток сиғимига эга батареяси 2 кунга етади. Устига-устак бу аккумулятор Quick Charge 3.0 тезкор қувват олиш технологиясини қўллаб-қувватлайди. Бу "қувват тош" 1 соатда қувватини бир кам 70 фоизга тўлдиради.

Манба: Terabayt.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Нархига муносиб ҳамёнбоп Android-смартфонлар – ТОП-8