08:30 / 28.09.2017
12 632

Технологиялар олами келажаги: 2019-2099 йиллар прогнози

Технологиялар олами келажаги: 2019-2099 йиллар прогнози
Google корпорациясининг техник директори ва технофутурист Рэй Курцвейл 1990-йиллардан технологиялар олами келажаги борасидаги тахминлари билан бўлишиб келади. У сунъий интеллект соҳасидаги замонавий ютуқларнинг етакчи тадқиқотчиси сифатида ишончли прогнозларни тузади, уларнинг аксарияти ҳатто илмий гепотеза мақомини олишга улгурган.

Курцвейлнинг сўнгги 20 йилда китоблар, блоглар, интервьюлар ва маърузалардаги барча прогнозлари тўпланса, 2019-2099 йилларга доир келажак картинасини тасаввур қилиш мумкин. EarthChronicles шу ҳақидаги маълумотлар билан бўлишди.

2019 йил: Персонал қурилмаларнинг сим ва кабеллари ўтмишда қолади.

2020 йил: Персонал компьютер инсон миясига монанд ҳисоблаш қудратига эришади.

2021 йил: Ер ҳудудининг 85 фоизи симсиз интернетга уланиш имконига эга бўлади.

2022 йил: АҚШ ва Европада одамлар ва роботларнинг муносабатларини тартибга солувчи қонунлар қабул қилинади. Роботлар фаолияти, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда бошқа чекловлар аниқ белгилаб қўйилади.

2024 йил: Автомобиллардаги компьютер интеллекти элементлари мажбурий бўлади - одамларга ақлли ёрдамчи билан таъминланмаган машинага ўтириш тақиқланади.

2025 йил: Оммавий бозорда имплант-гаджетлар пайдо бўлади.

2026 йил: Илмий тараққиёт туфайли инсон ҳаёти узайиши мумкин.

2027 йил: Мураккаб хатти-ҳаракатларни тўлиқ мустақил бажаришга қодир персонал робот музлатгич ёки қаҳва қайнатгичдек ускунага айланади.

2028 йил: Қуёш энергияси шу қадар арзонлашадики, инсониятнинг барча энергетик эҳтиёжлари қониқтирилади.

2029 йил: Компьютер ақлий салоҳиятини исботлаб, Тьюринг тестини ечишни уддалайди. Инсон миясини компьютерда моделлаштириш натижасида шундай имконият юзага келади.

2030 йил: Саноатда нанотехнологияларнинг гуллаб-яшнаш даври ва ўз навбатида, барча маҳсулотларнинг ишлаб чиқариш харажатларининг камайиши кузатилади.

2031 йил: Барча шифохоналарда инсон органларини босмадан чиқариш учун 3D-принтерлар пайдо бўлади.

2032 йил: Нанороботлар тиббий мақсадларда қўлланилади: улар озуқавий моддаларни ҳужайраларга етказиб, чиқиндиларни йўқотади. Бундан ташқари, улар инсон миясини батафсил сканерлайди, бу унинг қандай ишлашини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.

2033 йил: Йўлларда фақат автоном машиналар ҳаракатланади.

2034 йил: Сунъий интеллектли биринчи инсон пайдо бўлади: худди "У" фильмидагидек, фақат ундан-да яхшироқ.

2035 йил: Космик техника ривожи Ерни астероид таҳдидидан ҳимоялаш имконини беради.

2036 йил: Биология ривожи касалликларни даволаш учун ҳужайраларни дастурлаш ва 3D-принтер ёрдамида янги тўқималар ва органларни етишитириш имконини беради.

2037 йил: Инсон мияси сирларини англаб етишда улкан силжиш кузатилади, юзлаб ихтисослашган функцияларга эга субминтақалар аниқланади. Бу соҳалар ривожини кодловчи алгоритмларнинг баъзилари шифрланади ва компьютер нейрон тармоқларига киритилади.

2038 йил: Роботлаштирилган одамлар, трансгуманистик технологиялар маҳсулотлари пайдо бўлади. Улар қўшимча интеллект (масалан, муайян соҳада инсон мияси қодир бўлмаган билимларга эга бўлиш) ва кўплаб имплантатлар (кўздаги камерадан то қўшимча қўл протезигача) билан жиҳозланган бўлади.

2039 йил: Наномашиналар бевосита инсон миясига жойланади ва унинг ҳужайралари билан сигнал алмашиш имконини беради. Натижа - қўшимча ускуналарни талаб қилмайдиган виртуал реалликка "шўнғиш".

2040 йил: Қидирув тизимлари инсон танасига жойланган гаджетларда пайдо бўлади: қидирув фикрлар орқали (сўзлар аралашувисиз) амалга оширилади. Натижалар линзалар ёки кўзойнаклар экранларида акс этади.

2041 йил: Интернет тармоғининг ишлаши бугунгидан 500 миллион марта тезлашади.

2042 йил: Иммун тизимини тўлдирувчи ва организмни касалликлардан "тозаловчи" нанороботлар армиясидан фойдаланиш ёрдамида барҳаётлик имкони пайдо бўлади.

2043 йил: Нанороботлар кўплиги туфайли инсон организми ҳар қандай шаклни қабул қилиш хусусиятига эга бўлади. Ички органлар юқори сифатли кибернетик қурилмаларга алмаштирилади.

2044 йил: Нобиологик интеллект биологик интеллектдан миллиард марталаб "ақлли"лашади.

2045 йил: Технологик сингулярликнинг бошланиши. Ер улкан бир компьютерга айланади.

2099 йил: Технологик сингулярлик бутун Коинотга таралади.

Бундай прогнозларга ишониш қийин, бироқ технологиялар ривожининг катта тезлигини инобатга оладиган бўлсак, буларнинг имкони бор. Омон бўлсак, кўрармиз.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Технологиялар олами келажаги: 2019-2099 йиллар прогнози