14:29 / 27.02.2018
4 419

Nokia 8 Sirocco флагмани тақдим қилинди

Nokia 8 Sirocco флагмани тақдим қилинди
Кеча Испаниянинг Барселона шаҳрида MWC 2018 анжумани доирасида Nokia 8 Sirocco флагман смартфони расман намойиш қилинди.

Nokia 8 Sirocco 2017 йилда бозорга чиқарилган моделнинг тубдан янгиланган талқинидир. Янги девайс илғор процессори, ромдан холи экрани, сув ҳамда чангдан ҳимоя қилинган корпуси, кучли техник жиҳатлари, такомиллашган камераси ва бошқа жиҳатлари билан диққатга сазовор.

Nokia 8 Sirocco жорий йилда 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 835 процессорига эга бўлган жаҳондаги илк флагман. Кеча тақдим қилинган Galaxy S9 ва Galaxy S9 Plus флагманлари эса ундан ҳам кучлироқ Snapdragon 845 чипсетига эга бўлишган эди.

Qualcomm Snapdragon 835 процессорининг частота тезлиги 2,36 ГГц. Nokia 8 Sirocco смартфонидаги тасвирларни қайта ишлаш учун эса Adreno 540 видео картаси масъул. Смартфон 6 гигабайтли тезкор ва 128 гигабайтли доимий хотирага эга бўлган.

Янги девайснинг 5,5 дюймли, қайрилма POLED-экрани LG томонидан ишлаб чиқарилган ва унинг пикселлар сиғими 2560 га 1440 белгига тенг (QHD). Экраннинг томонлар нисбати 16:9 стандартида. Дисплей 3D шаклидаги Corning Gorilla Glass 5 ҳимоя шишаси билан қоплаб олинган.

Бош камера учун 12 Мп + 13 Мп уйғунлигида ишлайдиган модуллар танланган. Бош камера 2 карралик оптик яқинлаштириш функциясига эга бўлган. Ҳар иккала модулни Samsung ишлаб чиқарган. Бош камерада Dual Pixel фазали автофокус технологияси татбиқ қилинган. Олд камера 5 мегапикселли аниқликда ишлайди ҳамда кенг бурчак остида, 83 градусда сурат олади. Селфилар учун дисплей фоточақноқ вазифасини бажаради.

Девайсга USB Type-C универсал порти, Bluetooth 5.0 LE, A-GPS, Wi-Fi 802.11ac, NFC, Nokia Special Audio, ва бошқа қатор модул ва сенсорлар, 3 та микрофон ўрнатилган.

Nokia 8 Sirocco қувват оладиган аккумулятор батареясининг сиғими 3260 мА соат ва тезкор қувватлаш тизими орқали смартфон 1 соатда қувватини тўлдириб олиш имконига эга бўлган. Қолаверса, Qi стандарти бўйича смартфонни симсиз ҳам қувватлаш мумкин.

Фақатгина қора рангдаги корпусда ишлаб чиқариладиган телефон шиша ва металл уйғунлигида ишлаб чиқарилган. Унинг корпусини ўраб олган бош синчи зангламайдиган пўлатдан тайёрланган.


2G, 3G, 4G (LTE Cat.12) тармоқларини қўллаб-қувватлайдиган Nokia 8 Sirocco корпусининг қалинлиги 7,5 мм ҳамда унинг ён томонлари маҳорат билан ясси дизайнда ишлаб чиқарилган. Натижада, гаджет қўлда осон жойлашади.

Nokia 8 Sirocco ўлчамлари: 140,93 x 72,97 x 7,5 мм.

HMD Global ҳам 3,5 мм.ли аудио қулоқчин туйнугидан воз кечган. Натижада, смартфон корпусини IP67 стандарти бўйича чанг ва сувдан ҳимоя қилиш имкони туғилган.

Nokia 8 Sirocco аппарати ҳам Android One туркумига киради ва унинг операцион тизими учун жавобгарликни Google ўз зиммасига олган. Nokia 8 Sirocco қадоқдаёқ Android 8.0 Oreo операцион тизимида ишлайди.

Апрелда сотувга чиқарилиши кутилаётган девайсни 922 АҚШ долларидан харид қилиш мумкин бўлади.

Манба: Terabayt.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Nokia 8 Sirocco флагмани тақдим қилинди