Хитойда узунлиги 415 метрли поезд 350 км/соат тезликда синовдан ўтказилди

  • 10-03-2018, 22:19
  • 1 307
  • Технология
  • Хитойда узунлиги 415 метрли поезд 350 км/соат тезликда синовдан ўтказилди
    Пекинда узунлиги 415 метр келадиган ва максимал тезлиги 350 км/соат бўлган “Фусин” тезюрар поезди синовдан ўтказилди. Хитой темир йўл корпорацияси CRRC Tangshan маълумотларига кўра, бундай таркибнинг синови илк бор ўтказилди.

    Маълум қилинишича, янги поезд 16 та вагондан иборат бўлиб, у бундай тезюрар поездларнинг аввалги моделларидан 2 баробар узунроқ. Поезд 1,1 мингдан кўпроқ йўловчи таший олади.

    Янги поезд синов босқичидан ўтмоқда: поезд оммавий ишлаб чиқарилишидан аввал 28 та синовдан ўтказилиши режалаштирилган. “Фусин” моделидаги поездлар тезюрар таркибларнинг янги авлодини тақдим қилади. Улар тўлиқ Хитойда лойиҳалаштирилган, кам миқдорда электр энергия сарфлайди ва узоқроқ хизмат қилиши билан фарқланади.

    Бугунги кунда Хитойда тезюрар йўловчи поездларнинг максимал тезлиги 350 км/соатни ташкил қилади. 2017 йил сентябрда бундай таркиблар Пекин-Шанхай йўналиши бўйича ҳаракатлана бошлаган. Бундай поездлар бир кунда 505 мингга яқин йўловчи ташийди.

    Хитойда темир йўл излари узунлиги 124 минг км га яқинни ташкил қилади. Улардан 22 минг километри тезюрар темир йўл магистралларига тўғри келади.

    » » Хитойда узунлиги 415 метрли поезд 350 км/соат тезликда синовдан ўтказилди