22:21 / 10.10.2018
6 149

Apple қандай қилиб соатсозликда швейцарияликларни енгди? (фото)

Apple қандай қилиб соатсозликда швейцарияликларни енгди? (фото)
Илгари қўл соати унинг эгасининг юқори мавқега эгалигидан дарак беради деб ҳисобланар ва вақтни билиб туриш учун қулай восита эди. Аммо технологиялар даврига келиб барчаси ўзгарди ва саҳнага янги ўйинчилар чиқиб келди.

Мана тўрт йилдирки, Apple соатсозлик саноатида етакчиликни қўлдан бермай келмоқда. Компания қандай қилиб бу ўйинда Швейцария устидан ғалаба қозонди?

Бугунги соатларни эслатадиган илк соат нюрнберглик слесарь Петр Генлейн томонидан 16 асрда ўйлаб топилган. Чўнтак соати ўша даврларда фақатгина олиймақом аслзодаларда бўлган.

Сўнгра ташаббусни Буюк Британия қўлга олди. Мувозанат спирали, юргизи механизми ва хронометр туфайли Британия 18 асрда энг яхши соат ишлаб чиқарувчи мақомини олди. У ишлаб чиқарган соатлар вақтни аниқ кўрсатар, аммо жуда қалин эди.

Бугун биз биладиган соатлар эса швейцариялик соатсоз Абрахам-Луи Бреге томониддан яратилган. Буюк Британия аниқликка эътибор қаратган бўлса, Швейцария услубга эътибор берди. Тез орада Longines, IWC Schaffhausen ва Rolex дунёнинг энг яхши соатларига айланди.

Кварц инқирози

Швейцария ишлаб чиқаришнинг анъанавий услубларини сақлаб қолган бир пайтда Япония инновацион фикрлади. 1969 йилда Япониянинг Seiko компанияси биринчи кварц қўл соатларини намойиш этди. Бу соатсозликда янги инқилоб бўлди.

Фото: Retroland

Соат ишлаб чиқариш учун харажатнинг камайиши бутун дунёда соатлар нархи тушишига олиб келди ва Швейцарияда бу саноат 60 мингдан ортиқ иш ўрнини йўқотди. 1982 йил охирига келиб бутун дунё бўйича мингга яқин соатсозлик компаниялари ёпилди. Бу давр кварц инқирози деб аталади.

Бу инқироздан чиқиш учун Швейцария қандайдир янгилик ўйлаб топиши лозим эди. Шунда Николас Хайек Swatch Group компаниясига асос солди.

Swatch ажойиб пластик соатлар ишлаб чиқара бошлади. Энди соатлар вақтни кўрсатиш эмас, мода вазифасини бажара бошлади.

Ақлли соатлар даври

2012 йилда Эрик Мигиковски Kickstarter платформасида Pebble ақлли соатлари учун пул йиғишга киришди. У ишлаб чиқариш учун 100 минг доллар тўплашни мақсад қилганди, 10 миллион доллар пул йиғишга эришди. Чиройли кўриниши, кучли аккумулятори ва iOS ҳамда Android тизимларига улана олиши туфайли Pebble биринчи муваффақиятли смарт-соатга айланди.

Фото: Flickr

2014 йил бошида Apple швейцариялик соатсозларга ҳамкорлик қилишни таклиф қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Аммо Swatch Group бош директори «Биз ҳамкорлик қилиш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпмиз», деди матбуотга.

2014 йилда Apple маҳсулоти тақдимотига бир ҳафта қолганида дизайнер Жонатан Айв New York Times газетасига Швейцария муаммоларга дуч келишини айтди. Бир неча кундан сўнг одамлар унинг нима учун бундай деганини тушунишди.

2014 йил 9 сентябрда iPhone 6 тақдимотидан сўнг Тим Кук саҳнага чиқди ва Apple яна бир тақдимотни амалга оширишини эълон қилди. У Apple Watch ақлли соатини намойиш этди ва уни «Apple тарихидаги янги саҳифа» деб атади.

Фото: Medium

Кўпчилик экспертлар Apple Watch дизайнига танқидий муносабатда бўлишди. Tag Heuer бош директори Жан-Клод Бивер: «Тўғрисини айтсам, бу соатларни худди биринчи курс талабаси лойиҳалаганга ўхшайди» деди. Аммо тез орада у бу фикрини қайта кўриб чиқишига тўғри келди.

Apple танқидлардан тўхтаб қолмади. Тез кунда Apple Watch тарихдаги энг харидоргир соатга айланди. Series 3 Apple Watch чиққач, компания соатсозлик саноатида мустаҳкам ўрин эгаллади.

Apple устунлиги

Илк Apple Watch бошқа шундай қурилмалардан янги технологияларни ҳар бир кишига тушунарли қила олиш хусусияти билан ажралиб турарди. Apple маҳсулоти шунингдек анъанавий соат ва компания дизайнини ўзида бирлаштирганди.

Фото: Flickr

Apple инновацион жиҳатдан бошқалардан ажралиб турувчи, шу билан бир вақтда барча учун таниш маҳсулотни яратди.

Apple Watch шу даражада ривожландики, кўпчилик ҳатто нима бўлаётганини ҳам тушунмай қолди. Швейцарияни соатсозликда енгиш осон эмас. Ва буни айнан Apple уддалай олди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Apple қандай қилиб соатсозликда швейцарияликларни енгди? (фото)