19:00 / 26.05.2020
3 963

Ўзбек тадқиқотчиси коронавирусга қарши қурилма яратди

Ўзбек тадқиқотчиси коронавирусга қарши қурилма яратди
Одатда оламшумул ихтирою кашфиётлар муаллифлари ё АҚШ ёки Европа вакиллари бўлишига одатланиб қолганмиз. Айниқса, беш ойдан буён бутун дунё тождор офатни даф қилолмаётган бир даврда ўзбек мутахассислари коронавирусни жиловлаш йўлини топишгани бироз шубҳали гапдай ҳам туюлиши мумкин.

Аммо бу янгиликда асло ёлғон йўқ. Ҳаммаси ҳақиқат!

Гап шундаки, ҳозир манаман деган давлатлар ҳам бу ўлатга қарши анъанавий усулда курашяпти. Дизенфекция, шахсий гигиена воситалари... Буларнинг барчаси — кимё. Ҳатто мўъжизавий вакцина яратиш йўлидаги уринишлар ҳам шу усулга хос.

Бизнинг мутахассисларимиз эса мутлақо бошқача йўлдан боришди. Қисқа вақт ичида олиб борилган тадқиқотлар натижалари эса — аъло! Қаранг, бу лаънати вирусни физик йўл билан ҳам жиловлаш мумкин экан.

Хў-ў-ш, қандай қилиб, деган саволингизга қуйида жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Эндиликда “COVID-19” ҳақида фанга кўп нарса маълум. Шулардан бири короновируснинг ҳаво орқали тарқалиши! Биргина йўтал ёки аксириш оқибатида ҳосил бўлган булутли томчилар ҳавода бир неча дақиқа давомида сақланиб туради. Ҳатто бемор xонани тарк этса ҳам, бу ерга кирган киши инфекцияни юқтириб олиши мумкин. Кўча-кўйга чиққанда тиббий ниқоб тақиб юришимиз, одамлар билан мулоқотда масофа сақлашимизнинг боиси шу.

Тошкент шаҳар санитария-эпидемиология осойишталик маркази томонидан тузилган экспертлар гуруҳи тождор вирусга айни шу йўлдан зарба бериш лозимлигини англашди. Шу тариқа махсус тадқиқот лойиҳасини рўёбга чиқаришга киришилди.

Дастлабки лаборатория синов-тадқиқотлари муваффақиятли якунланди. Изланишлар вирус ва бактерияларни блоклайдиган ва зарарсизлантирадиган универсал теxнология яратиш устида олиб борилди.

Унга кўра, янги инновацион технология ёпиқ майдондаги ҳавони зарарсизлантирибгина қолмай, беморнинг нафас йўллари ва ўпкасигача вирус ҳамда бошқа юқумли касалликлардан тозалайди.

— Инновацион технологиянинг асоси — янги яратилган молекулалар, — дейди мазкур ихтиро муаллифи, тадқиқотчи Олимжон Юсупов. — Ана шу ажабтовур молекулалар белгиланган ҳудуднинг ҳавоси ва ҳатто турли жисмлар, ашёларнинг устки ҳамда ички қисмларидаги мавжуд вирус ва бактерияларни ҳам нейтраллаштириш хусусиятига эга. Шунингдек, бу қурилма инсон нафас олиш йулларидаги вирусларгача масофавий зарарсизлантиради. Энг муҳими, уни қўллаш учун кўп вақт талаб этилмайди. 30 метр квадрат майдондаги xона дезинфекцияси учун бор-йўғи 15 дақиқа кифоя.

Дарвоқе, Олимжон ака ажойиб ихтирочи. Турли глобал муаммоларни бартараф этиш йўлида тиним билмайди. Бир неча йил аввал у сунъий булут ҳосил қилиш ва ёмғир ёғдириш усулида қуриб бораётган Орол денгизини тўлдириш технологиясини яратганди. Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан маъқулланган ва ижобий тавсия берилган мазкур лойиҳа келажакда ўз самарасини беришига ишонамиз.

Пандемия бошлангач эса Олимжон аканинг ҳаловати яна йўқолди. У қандай қилиб коронавирусдан инсониятнинг жонини омон сақлаш устида ўйлай бошлади. Ниҳоят кутилган самарага эришилди.

Лойиҳа муаллифининг таъкидлашича, янги яратилган технология ҳаво орқали инфекция юқиши xавфини бутунлай йўққа чиқаради. Бу технологиянинг универсаллиги шундаки, у нафақат тожсимон ўлат, барча турдаги микроблар, бактериялар ва вирусларнинг кушандасига айланади.

Мутахассисларимиз ушбу теxнологиядан тиббиёт муассасалари ва одам гавжум бўладиган бошқа бино ва иншоотларда фойдаланишни тавсия этишмоқда. Унинг ишлаш принципи энг замонавий теxнологияларга асосланган ва инсон саломатлиги учун мутлақо хавфсиз.

Янги инновацион қурилма яқин кунларда мамлакатимизда оммавий равишда ишлаб чиқарилиши мўлжалланяпти.

Фаррух Бўтаев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Ўзбек тадқиқотчиси коронавирусга қарши қурилма яратди