23:47 / 24.03.2022
1 585

Ўзбекистонга кўчиб ўтмоқчи бўлган IT-компаниялар зарур инфратузилма билан таъминланади

Ўзбекистонга кўчиб ўтмоқчи бўлган IT-компаниялар зарур инфратузилма билан таъминланади
Фото: «Mitc.uz»
Бугун, 24 март куни Тошкент шаҳридаги «Congress Hall»да Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз ишини бошлади.

Форумда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов ҳам иштирок этиб, Ўзбекистонни рақамли ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар ҳамда хорижий инвесторлар, жумладан, хорижий IT-компаниялар учун яратилаётган имконият ва истиқболлар ҳақида гапирди.

Бугун дунё тўртинчи саноат инқилоби остонасида турибди. Шуни ҳисобга олиб, республикада «Саноат 4.0» ривожлантириш босқичига ўтиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси каби жадал ривожланаётган мамлакатлар учун рақамлаштириш ўсишнинг янги двигателини топиш ва иқтисодиётнинг турли тармоқларини модернизация қилиш учун мисли кўрилмаган имконият яратади. Шу мақсадда ҳудудлар ва тармоқларни рақамли ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган «Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегияси қабул қилинди.

Ўз нутқида Шерзод Шерматов Ўзбекистонни хорижий ИТ-компаниялар ва IT-мутахассислар учун жозибадор қиладиган асосий афзалликларни қайд этди.

АКТ вазирининг сўзларига кўра, Ўзбекистон инсон капитали кўринишидаги қимматли бойликка эга. Айни пайтда Ўзбекистонда 35 миллион аҳоли истиқомат қилса, шундан 18 миллиони, яъни умумий аҳолининг 60 фоиздан ортиғини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Дастлабки прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси 40 миллион кишига етади, агар бу тенденция давом этса, умумий аҳолининг 24 миллионини ёшлар ташкил қилади.

Бу аҳолининг кўпчилиги меҳнатга лаёқатли ёшда бўлган демографик дивиденд босқичи, деб аталади. Шу билан бирга, меҳнатга лаёқатли аҳоли саводли ва камида иккита чет тилини (инглиз ва рус) билади.

«Бугунги кунда ёшларни АКТ соҳасига кенг жалб этишга жиддий эътибор қаратилмоқда. 2000-йилларда Ўзбекистонда юзга яқин IT-мутахассис бўлган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 50 мингга етди. 2030 йилга бориб уларнинг сонини бир миллион кишига етказиш бўйича кенг кўламли вазифа қўйилди», — деди АКТ вазири.

IT-маҳсулотлар ва хизматлар экспорти изчил ортиб бормоқда. Хусусан, 2021 йил якунига кўра, IT-экспорт ҳажми 46 миллион долларга етди, бу 2020 йилга нисбатан (16 миллион доллар) икки баравар кўпдир. Жорий йил охиригача бу кўрсаткич 100 миллион долларни ташкил этиши кутилмоқда, 2028 йил охиригача эса кўрсаткични 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Асосий IT-экспорт бозорлари: АҚШ (83,3 фоиз), Буюк Британия (5,2 фоиз), Россия (3,2 фоиз), Корея Республикаси (2,1 фоиз) ва БАА (1,1 фоиз).

Муҳим афзалликлар қаторида IT-бизнес учун имтиёзларни ҳам қайд этиш мумкин. Ўзбекистондаги IT-компанияларга бир қатор солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилмоқда. Хусусан, IT-парк резидентлари — IT-компаниялар 2028 йилгача барча корпоратив солиқлардан озод қилинган. IT-компаниялар экспорт фаолиятини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган ходимлар билан хорижий валютада ҳисоб-китоб қилиш имкониятига эга.

IT-парк резидентлари қаерда жойлашган бўлишидан қатъи назар, бутун мамлакат бўйлаб ўз фаолиятини амалга оширишлари мумкин. Шунингдек, ишлаш учун рухсатнома олиш тартиби ҳам бекор қилинган.

Хорижий IT-компаниялар ва мутахассислар учун янада катта қулайликлар яратиш мақсадида «IT-виза» бериш тартиби тасдиқланди. «IT-виза» олиш учун минимал миқдордаги ҳужжатлар талаб қилинади ва бу жараён 3 кун давом этади. Ўзбекистонга кўчиб ўтмоқчи бўлган IT-компаниялар ҳам зарур инфратузилма билан таъминланади.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақадаги қулай географик ўрни, бу туфайли республика Марказий Осиёдаги боғловчи IT-хабга айланиши мумкинлигини ҳам таъкидлаш лозим.

Хусусий IT-сектор жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Бугунги кунда IT-парк 500 дан ортиқ резидентларга эга, уларнинг 15 фоизи йирик глобал ва маҳаллий компаниялардир. 2025 йилга бориб йирик ва ўрта IT-компанияларни фаол жалб қилган ҳолда резидентлар сонини минг нафарга етказиш режалаштирилган.

Ахборот технологиялари соҳасида малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.

«IT-таълим мутахассисларни тайёрлаш бозор ўсиши ва фаровонлик учун етарли ишчи кучи билан таъминлашда муҳим рол ўйнайди. Шу боис Ўзбекистон таълимга, айниқса, IT-таълимга катта куч сарфламоқда. Сифатли таълимсиз белгиланган мақсад ва вазифаларга эришиб бўлмайди», — деди Шерзод Шерматов.

Соҳа раҳбари ўз нутқида BPO (Business Processes Outsourcing) ва KPO (Knowledge Process Outsourcing) хизматларини ривожлантириш каби муҳим йўналишга ҳам тўхталди. Шу нуқтаи назардан, IT-парк резиденти сифатида рўйхатдан ўтган хорижий BPO компаниялари ўзларига тақдим этилган имтиёзлардан фойдаланишлари ва Ўзбекистондан IT-мутахассисларни рақобатбардош шартларда жалб этишлари мумкин бўлади.

Бундан ташқари, улар Ўзбекистонда ўз бизнесларини кенгайтириш учун офис хоналари ва жиҳозлар, камида олти ойлик ижара ҳақи, коммунал хизматлар, интернетга уланиш харажатлари кўринишида инвестициялар билан таъминланиши мумкин. BPO компаниялари учун кадрлар тайёрлашга ихтисослашган BPO мактаблари ҳам яратилмоқда.

Якунда Шерзод Шерматов Ўзбекистонда ўз фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган барча инвесторлар ва хорижий IT-компанияларга амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Ўзбекистонга кўчиб ўтмоқчи бўлган IT-компаниялар зарур инфратузилма билан таъминланади