16:53 / 22.01.2023
376

Самарқандлик олимлар дорилар ўрнига шифобахш ўсимликлардан фойдаланишга чорламоқда

Самарқандлик олимлар дорилар ўрнига шифобахш ўсимликлардан фойдаланишга чорламоқда
Фото: Самарқанд давлат университети матбуот хизмати
Бугун дори-дармонлар бизнеси авжига чиққан замонда инсонлар ўртасида халқ табобати усулларидан, доривор ўсимликлардан фойдаланиш ҳам тобора камайиб бормоқда. Бугун шунчаки бош оғриғи безовта қилган одам ҳам бирданига дори ичишга тушади. Ҳолбуки, организмга қабул қилинган ҳар бир дори воситаси у ёки бу касалликка даво бўлиш билан бир қаторда, бирор зарарли таъсирини ўтказмасдан қолмайди.

Хўш, бу борада инсонларни халқ табобатига қайтариш учун қандай чоралар кўриш керак, аҳоли орасида кўп тарқаладиган касалликларга шифо бўладиган доривор ўсимликлардан фойдаланиш усуллари қандай? Самарқанд давлат университети ботаника кафедраси олимлари бу борадаги саволларга жавоб берди.

«Самарқанд вилоятининг асосий доривор ўсимликлари Ургут туманида жойлашган Омонқўтон дараси ҳудудларида ўсади. Афсуски, кейинги пайтларда аҳоли ўртасида табиатга бўлган нотўғри муносабат туфайли доривор ўсимликларга жиддий зарар етмоқда. Бунинг натижасида кўп турдаги доривор ўсимликлар камайиб кетяпти, баъзилари йўқолиб бормоқда. Ташвиқот ишларини кучайтиришимизга қарамасдан маҳаллий аҳолининг табиат неъматларидан тўғри фойдаланмаслиги, доривор ўсимликларни қўллаш маданиятининг сусайиб кетганлиги оқибатида ушбу ҳудуддаги кўп ўсимлик турлари йўқолиб кетиш арафасида турибди», — дейди Самарқанд давлат университети ботаника кафедраси доценти, биология фанлари номзоди Бўстон Исломов.

Бўстон Исломов, шунингдек, халқ табобатида кенг қўлланиладиган кийикўтнинг инсон организми учун фойдали хусусиятлари ҳақида ҳам сўзлаб берди: «Зизифора – кийикўт ўсимлиги халқ табобатида ниҳоятда шифобахш ҳисобланади. Аҳоли орасида асосан қон босимини туширишда ишлатиладиган мазкур доривор гиёҳ ошқозон-ичак, юрак хасталикларида ҳам фойдали. Кийик ўти қўшилган чой овқатни яхши ҳазм қилади, қон босими ва юрак фаолиятини мўътадиллаштиради.

Халқ табобати усулида даволанганда томоқ оғриғида, меъда фаолияти бузилиши, кўнгил айниши, юрак санчиғи ва шу билан бирга асаб касалликларида ҳам тавсия этилади. Бундай фиточойлар иштаҳани очиб, овқат ҳазмини тезлаштириш, пешоб ҳайдаш хусусиятларига эга. Бундан ташқари буйрак, юрак, жигар ва ошқозон-ичак хасталикларини даволашда ҳам ишлатилади
».

Фото: Самарқанд давлат университети матбуот хизмати
«Илмий табобатда ўсимликнинг дамламаси ва препаратлари юрак-қон томирлари тизими иш фаолиятини яхшилашда, артериал қон босимини пасайтиришда ҳамда пешоб ҳайдовчи дори воситаси сифатида кенг қўлланилади. Томоқ оғриғида, балғам кўчиши қийин бўлганда ўсимлик барглари озгина асал билан дамлаб ичилса, ниҳоятда фойдали бўлади», — дейди Бўстон Исломов.

Шунингдек, Самарқанд вилояти шароитида ўсадиган Куҳистон феруласи, тоғрайҳон, эфедра, аронник (ит кучала), астрагал, бессмертник (ўлмасўт) каби ўсимликлар ҳам шифобахш ўсимлик сифатида халқ табобатида кенг қўлланилади. Бўстон Исломовнинг айтишича, бессмертник чойини ичиб юриш ҳар куни битта лимон ейиш билан баробар. Мазкур ўсимликдан халқ табобатида жигар, буйрак ва ўт йўллари касалликлари ҳамда ревматизм ва подаграни даволашда самарали фойдаланилади. Доривор ўсимлик ҳазм қилиш тизимини яхшилайди.

Фото: Самарқанд давлат университети матбуот хизмати
«Бугун одамларни бирор касаллик безовта қилса, ўша заҳоти фармасевтик дорилардан фодаланишга тушадилар. Аслида, кўплаб касалликларга халқ табобати орқали, доривор ўсимликлар воситасида тез ва осон, энг муҳими, зарарсиз тарзда даво топиш мумкин», — дейди Самарқанд давлат университети ботаника кафедраси мудири, биология фанлари доктори, профессор Хислат Ҳайдаров.

«Халқ табобати – вақт синовидан ўтган табобат. У орқали инсон фойда топса топадики, асло зарар кўрмайди. Халқимизни дори-дармонлар, фармасевтик препаратлардан ҳам арзон, ҳам хавфсиз, халқ табобати воситаларига қайтариш учун, энг аввало, аҳолини доривор ўсимликлар, уларнинг фойдали жиҳатларидан хабардорлигини ошириш зарур. Бу борада тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам муҳим ўрин тутади», — дея сўзларини давом эттиради Хислат Ҳайдаров.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Самарқандлик олимлар дорилар ўрнига шифобахш ўсимликлардан фойдаланишга чорламоқда