Йўтал нафас олиш тизими касалликларида жуда кенг тарқалган нохуш белгидир. Ўз-ўзидан пайдо бўлган йўтал сабабини аниқлаш мушкул. Шу боис даставвал шифокор билан маслаҳатлашган маъқул. Аммо баъзан бунинг иложи бўлмаслиги ҳам мумкин. Бу ҳолда йўтални қандай енгиллаштиришни билишингиз керак.
Уй шароитида йўтални қандай енгиллаштириш мумкин?
Йўтал — шилимшиқ ажралма, балғам ва патогенлардан халос бўлишга ёрдам берадиган ҳимоя механизмидир. Баъзан у жуда оғриқли кечади. Қуруқ йўтал эса ниҳоятда ноқулайлик келтириб чиқаради, шунинг учун оғиз ва бурунни тез-тез намлаб туриш тавсия этилади. Бемор қуруқ йўталдан азият чекмаслиги учун қуйидаги халқона усуллардан фойдаланиш мумкин:
- кўкрак қафасини уқалаш;
- буғ ингаляцияси;
- доривор ўсимликлардан тайёрланган дамлама ва суюқликларни кўп ичиш.
Ингаляция эҳтиёткорлик билан амалга оширилиши керак. Қайнатилган картошка, прополис, эфир мойи ёки эвкалипт баргларидан фойдаланиш кутилган самара беради. Суюқлик ёки масса шиллиқ қаватларни куйдириб қўймаслиги учун ҳаддан ташқари қайноқ бўлмаслиги лозим. Ингаляцияни оддий ёки тузли сув билан ҳам қилиш мумкин.
Йўтал турлари
Йўталнинг икки тури мавжуд: қуруқ ва нам. Қуруқ йўталда бемор кўпроқ азият чекади. У кўкрак қафасида оғриқ, терлаш ва томоқ оғриғи билан бирга намоён бўлади. Бундан ташқари, бундай йўтал кўпинча узоқ даволанишни талаб этади. Нам йўтал, аксинча, бронхлардан балғам ажралиши туфайли тезроқ тузалади.
Шунингдек, йўталнинг давомийлиги даврий ва доимийдир. Даврий йўтал шамоллаш, бронхит, ўткир респиратор инфекциялар ва бошқа шу каби юқумли касалликлар учун хосдир. Доимий йўтал эса жиддий касаллик аломати ҳисобланади.
Кечаси қуруқ йўтални қандай енгиллаштирса бўлади?
Оддий усуллар ёрдамида кечаси қуруқ йўтал хуружини тўхтатиш мумкин. Қуйида энг самарали рецептларни келтирамиз:
Кунгабоқар ёғидан суюқлик. Таркиби: 150 мл қайноқ сув, 2 ош қошиқ кунгабоқар ёғи, озгина туз. Туз солмасангиз ҳам бўлади, лекин кўпчилик бу суюқликнинг таъмини хушламайди, аслида у булёнга ўхшайди. Ҳаммасини аралаштиринг ва ҳўплаб-ҳўплаб ичинг.
Гогол-могол ширинлиги. Таркиби: битта тухум сариғи, 1 ош қошиқ суюлтирилган асал, 1 ош қошиқ эритилган сариёғ ва бир стакан сут. Биринчи бўлиб тухум сариғини яхшилаб аралаштириб, унга сут қўшинг ва аралаштиришда давом этинг. Кейин сариёғ ва асал солинг. Аралашмани қайноқ ҳолда ичинг.
Занжабил билан асал. Занжабил илдизининг бир бўлагини майдаланг. Бир стакан қайнаган сувга майдаланган занжабил ва бир оз асал солиб, аралаштириб ичинг.
“Йўтал тутишини камайтириш учун бошингиз орқасига бир нечта ёстиқ қўйиб ётинг ҳамда хонада тоза ва нам ҳаво алмашиб туришини таъминланг”
Йўтал томоқ оғриғи билан бирга пайдо бўлганда нима қилиш керак?
Бундай пайтда бурунни тузли сув билан чайиб туриш тавсия этилади. Тузли сув бурун битишининг олдини олади ва томоқдаги вирус йўқолишига ёрдам беради. Суюқлик ичиш режими ҳам муҳим: кўп ва тез-тез тоза сув ичиб туриш керак. Суюқлик илиқ бўлсин. Доривор ўсимликлардан тайёрланган дамламалар, асал қўшилган сут ичиш фойдалидир. Хонадаги ҳаво қуруқ бўлса ҳам кўпинча томоқда қичишиш ва йўтални келтириб чиқаради. Намлагич қурилмаси бўлмаса, иситиш радиаторларига ҳўл сочиқ ёйиб қўйиш керак.
Шуни ёдда тутиш керакки, йўтал касаллик эмас, балки турли касалликлар аломатидир. Шу боис йўтални ва бемор аҳволини бир вақтнинг ўзида енгиллаштириб, йўталнинг асл сабабини бартараф этиш зарур.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг