16:03 / 27.05.2017
23 711

Халқ табобати усуллари борасида афсона ва ҳақиқатлар

Халқ табобати усуллари борасида афсона ва ҳақиқатлар
Бугунги кунда дори-дармонларни четга суриб, қулоққа чалиниб қолган турли дамламалар билан даволанишни маъқул кўрадиганлар кўп. Аммо савол туғилади: уларнинг тутган усуллари тўғримикан?..

Ҳатто ҳар нарсага шубҳа билан қарайдиганлар ҳам ўзлари сезмаган ҳолда вақти-вақти билан халқ табобатидан дармон излашади. Шамоллаган пайтда малина мураббоси ёки лимон солинган чой ичишларини, радикулитда белларига иссиққина рўмол ўраб олишларини тушунса бўлади. Бундай усуллар билан организмимизнинг ҳимоя вазифасини ошириш истагида бўламиз. Муҳими, ярани ўргимчак тўри билан боғлаш, ангинани керосин билан артиш, жигарни ўсимлик ёғида тозалаш каби ақлга сиғмас усуллардан узоғроқ бўлсангиз бас. Саҳифамиз орқали бир неча машҳур хатоликлардан бохабар бўлишни таклиф этамиз.

«Халқ табобати ҳар дардга даво!»
Ибтидоий одамлар ҳам ана шундай фикрда бўлишган, бошқа иложлари ҳам йўқ эди-да! Бизда эса илмий тиббиёт кўринишидаги имконият мавжуд. Аммо у ҳам ҳар дардимизга шифо беролмайди, шифокорлар сеҳргар эмас. Шунингдек, табиблар ҳам катта қудратдан холи эканликларини унутмайлик. Оддий шамоллашдан саратон касаллигигача ҳар бир дарднинг 90 фоизи психосоматик табиатга эга. Яъни аввал миямизда туғилиб, сўнг бутун танани ўзига бўйсундиради. Шифокоримиз билан бир оғиз гаплашганимиздан кейин анча енгиллашишимизнинг сабаби шунда. Афсуски, кўпчилик тиббиёт ходимларининг ҳар бир бемор билан психотерапевтик сеансларни ўтказишга вақтлари йўқ. Табиблар эса хасталарни тинглашга доимо тайёр (текинга эмас, албатта), яна дарддан фориғ этишга ваъда ҳам беришади. Шифокорлар эса жуда катта ваъдаларни беришга ҳайиқиб туришади.

! Шифокорингиздан даволаш режангизга халқ табобатини киритишини илтимос қилинг. Агар улар мутахассис томонидан белгиланиб, умумий терапия доирасида мадад берувчи сифатида қўлланилса, самарали натижа беради.

«Бундай усуллар хавфсиз»
Агар онкологик хасталикка чалинган бемор кимётерапия ўрнига халқ табобатидаги рецептлар бўйича тайёрланган дамламаларни истеъмол қилса, қимматли вақт қўлдан бой берилади. Бироқ онкологик касалликларни даволашда ўсимлик воситаларини қўллаш қўшимча терапия сифатида, шунингдек, албатта шифокор тавсияси ва кузатуви асосида амалга оширилиш шарти билан муваффақият қозонилади. Турли халқона усуллар ёрдамида даволашларнинг тўғри келмаслигини кўрсатувчи белгилар бўлади. Ҳатто ўтли дамламалар ҳам сиз ўйлаганингиздек безиён эмас. Бирор ўтнинг миқдорини ошириб, истеъмолини узоқ давом эттирсангиз, саломатлигингизга катта зарар етказиши мумкин. Масалан, жигарни тозалашда қўлланиладиган шувоқ ёки шамоллаш жараёнларига қарши яхши восита ҳисобланувчи маврак (шалфей)да сал миқдор оширилса, заҳарли хусусиятини намоён этувчи терпеноидлар мавжуд.

! Фитотерапиянинг вақтини узайтириб юборманг. Одатда, бу муолажа 2-3 ҳафтага мўлжалланган. Мазкур вақтдан сўнг танаффус қилишингиз даркор. Ўтларни эса автомеханиклик дипломга эга бўлган олтинчи авлоддаги табиб эмас, балки шифокор танлаб бериши керак.

«Асалли чой — шамоллашга қарши энг яхши восита»
Афсуски, ундай эмас. Биз одатда устидан қайноқ сув қуядиган асал юқори ҳароратдан ўзининг фойдали хусусиятларидан маҳрум бўлади. Чунки асал таркибидаги витамин, фермент ва бошқа биологик фаол моддалар 50-60 даражали ҳароратда заифлашади. Бундан ташқари, чойга солинган асал кўпинча қийинчилик билан ўзлаштирилади (газ ҳосил этиб, қоринда оғриқ пайдо қилади ёки аллергияни қўзғаши мумкин). Асал табиий кўринишда истеъмол қилинсагина, томоқ, бурун ҳалқум ва бодомсимон безлардаги микробларга қарши таъсир кўрсатади.

! Даволаниш мақсадида бир чой қошиқ асалдан оғизга солиб, уни сўриб, сўнг чой ёки қайнатилган сув ичишингиз айни муддао.

«Керосинга етадигани йўқ»
Халқ табобати керосинни ангинада шамоллаган бодомсимон безга суртишни тавсия этади. Бироқ ЛОР шифокорлар керосин суртишни ножоиз усул деб ҳисоблашади. Таёқчага ўралган пахта чиқиб кетиб, нафас йўлини ёпиб қўйиши мумкин. Бундай ҳодиса рўй бермаса-да, керосин оғиз ва томоқларнинг шиллиқ қатлами кимёвий куйишига йўл очиб беради. Шунингдек, керосин заҳарли бронхит ва пневмонияни юзага келтириши мумкин. Бу муолажа камида астма хуружи пайтидаги нафас қисиши билан кузатилувчи рефлектор бронхоспазм хавфини ошириши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Ана шу восита ёрдамида битлардан халос бўлиш фикрининг туғилиши керосиндан касал ҳолатга етгунча ҳидлашингизни таъминлайди. Педикулёздан ҳатто ҳозирги кунда ҳам охиригача қутулиш мушкул, аммо бу халқ табобатидан фойдаланиш керак, дегани эмас.

! Битларга қарши шампунь харид қилиш учун дорихонага йўл олинг. Муаммони маданиятли равишда ҳал этганингиз маъқул.

«Ҳаммага мўмиё ёрдам беради»
Баъзилар «қанча кўп бўлса, шунча яхши» ақидасига амал қилиб, деярли ҳамма касалликларда мўмиёдан фойдаланишади. «Бу неъматдан фойда кўрсанг кўрасанки, зарар кўрмайсан», деган фикрни маъқуллайдиганлар бор. Бироқ, биринчидан, организмнинг ҳаётий қувватини эҳтиёткорлик билан кучайтириш лозим. Акс ҳолда захирадаги куч-қувватни сарфлаб юбориш мумкин ёки организм ташқи таъсирларсиз ўз кучи билан қувватга тўлолмайди, шунингдек, инфекцияларга қарши чиқолмайди. Иккинчидан, биокучайтирувчилар нафақат тикланувчи, балки аллергия, аутоиммун реакциялар ва ҳатто саратон ҳужайраларининг ўсиши каби патологик жараёнларни тезлаштиришга қодир.

! Мўмиёдан фақат шифокор тавсиясию кўрсатмаси бўйича фойдаланинг. Масалан, ўн икки бармоқли ичак ва ошқозон ярасини даволаш ёки суяк синишидан кейинги тикловчи восита сифатида қўллашингиз мумкин.

«Ўсимлик ёғи жигарни тозалайди»
Бундай табобатга ишонган одамлар ўсимлик ёғини қошиқлаб, ҳатто стаканлаб истеъмол қилишади. Ва қориндаги оғриқ, ич кетиши, юқори тана ҳарорати моддалар алмашинуви тезлашганидан, организмдан зарарли моддаларни чиқариб ташлаётганидан далолат эканига ишонишади. Аслида бу ҳазм тизимига ортиқча ёғларнинг қабул этилгани сабабли пайдо бўлган буйрак санчиқлари ва холецестит кучайиши белгиларидир. Унинг ўсимликлар оламига мансуб экани муҳим эмас, чунки энг фойдали махсулот ҳам меъёридан ошиқча истеъмол қилинса, заҳарга айланади. Айниқса, кўкрак саратонига чалинган аёл онколог ёрдамида даволаниш ўрнига вақтни бой бериб, ўсимлик ёғи билан ароқ ёрдамида даволаниши жуда аянчли.

! Асло бунга йўл қўйманг! Соғлиғингизда бирор муаммо ҳис этаётган бўлсангиз, дарҳол шифокор ҳузурига бориб, тиббий текширувдан ўтинг! Кўкрак саратони бошланғич босқичда аниқланиб, ўз вақтида чора кўрилса, шифо топишини унутманг!

«Пероксид мўъжиза яратади»
Уринатерапия билан шуғулланиш одамлар ана шу усул сабаб буйрак тошига чалинганларидан сўнг анча камайди. Бироқ унинг ўрнини пероксид эгаллади. Жароҳатга томизилган водород пероксидининг вишиллаб кетганини эҳтимол кўргандирсиз. Унинг ёрдамида сочни сарғайтириш жараёнини-чи? Энди эса пероксид истеъмолидан сўнг ошқозонда нималар содир бўлишини тасаввур этаверинг. Пероксид кислород атомини ажратиб, кимёвий реакцияларга осонгина киришадию организмга ўта зарарли моддалар киритилади. Мазкур моддаларнинг йиғилиб бориши ҳужайралар генетик аппаратига салбий таъсир кўрсатиб, аллергиядан саратонга қадар турли жиддий касалликларга замин яратади.

! Ҳатто табибингиз ташқи қўлланишга мўлжалланган воситаларнинг самарали таъсирини исботлай кетганида ҳам уларни асло истеъмол қилманг!

«Табиат энг яхши даво»
Агар чиндан ҳам табиат энг яхши даво бўлганида велосипедни кашф этишга, дорилар ишлаб чиқаришга ҳожат қолмаган бўларди. Агар шифокорлар фақат халқ табобатидан фойдаланганида ва дорихоналарда зулук ҳамда ўтли дамламалар сотилганида беморларнинг соғайиб кетишига имкон камаярди. Халқ табобати тарафдорлари ўсимлик препаратлари ҳужайралар даражасида ишлагани боис аста- секинлик билан таъсир кўрсатишини ҳисобга олишлари керак. Жиддий вазиятда фармпрепаратларининг ўрнини ҳеч нима босолмайди. Улар бузилган вазифаларни изга солиб, бутун организм даражасида таъсир этади.

! Ўсимлик препаратлари мутахассис томонидан белгиланган тақдирдагина даволаниш жараёнидан шифо топасиз!

Соғлигингизни хатарга қўйманг!
Агар соғлиғингизда бирор муаммони ҳис этаётган бўлсангиз, албатта, шифокор билан маслаҳатлашиб, белгиланган текширувдан ўтинг. Жиддий муаммо ҳақида гап кетганда илмий усуллар ўрнига халқ табобатини қўлламанг. Мутахассис дорихона препаратлари ва ўтлар билан даволашлардан бирини танлаётганда касаллик босқичи, жараён кескинлиги, дарднинг оғир енгиллиги каби кўпгина омилларни эътиборга олади. Масалан, гипертониянинг бошланғич босқичида қон босимини ўтли дамламалар ёрдамида назорат қилиш мумкин, бироқ асаб тизимидаги бузилишларни арслонқуйруқ ўти ёрдамида даволаб бўлмайди. Чунки бу хасталикни даволаш учун кучлироқ дори воситалари зарур. Ўзингиз ва яқинларингиз устида тажрибалар ўтказа кўрманг. Халқ табобатининг бирор усули ҳақида эшитиб қолсангиз, унинг ким томонидан қўллангани, илмий синовдан ўтган-ўтмагани билан қизиқинг. Энг яхшиси, шофокорингиз билан маслаҳатлашинг.

Халқ табобатининг ҳамма усуллари ҳам безиён эмас. Маълумотларга қараганда, халқ табибларининг 95 фоизида тиббий билим йўқ. Саломатлигингизни хавф-хатарга қўйманг!


Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Халқ табобати усуллари борасида афсона ва ҳақиқатлар