17:25 / 28.05.2018
5 850

АҚШнинг энг яхши шифокорларидан бири дея тан олинган нукуслик Ўзбекистонга келмоқда

АҚШнинг энг яхши шифокорларидан бири дея тан олинган нукуслик Ўзбекистонга келмоқда
Жолдас Қулжонов Фото: jahonnews.uz
АҚШнинг етакчи клиникаларидан бири Сент Луис университетининг Ортопедик жарроҳлик департаменти раҳбари, машҳур жарроҳ - Жолдас Қулжонов Ўзбекистонга келади. "Дунё" ахборот агентлигига таяниб Кун нашри шу ҳақида хабар берди.

Қулжонов Ўзбекистонга ташрифи давомида Республика ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказида қатор хайрия операциялари ва маслаҳатлашувлар ўтказишни режалаштирмоқда. У шунингдек дисплазияси бўлган ёшларда операциялар ўтказиш бўйича маърузалар ўқийди.

Таъкидлаш жоизки, жарроҳ президент Шавкат Мирзиёевнинг хорижда ишлаётган ўзбекистонликларга соғлиқни сақлаш тизимини кенг ислоҳ қилишга ўз ҳиссасини қўшишга доир мурожаатига биринчилардан бўлиб жавоб берган.

Шифокор давлат раҳбарининг АҚШга ташрифи давомидаги қисқа суҳбат ва республикадаги қўшма лойиҳалар истиқболлари муҳокамасидан кейин амалий ишга киришиш учун шижоатга тўла эканини таъкидлади.

Жолдас Қулжонов асли нукуслик бўлиб, 27 йилдан буён Қўшма Штатларда ишлайди. Анча йиллардан бери университет клиникасида МДҲ шифокорларига сабоқ беради, шунингдек Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда бошқа мамлакатларнинг етакчи марказларида маҳорат дарсларини олиб боради. У бир неча маротаба "АҚШнинг энг яхши шифокорларидан бири" сифатида эътироф этилган.

Таниқлик шифокор қатор ноёб операциялар ўтказган бўлиб, уларга доир маълумотлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига етказилган. У ихтисослаштирилган халқаро конференцияларнинг доимий иштирокчиси ҳисобланади, мунтазам равишда хорижий мамлакатларда операциялар ўтказади.

Қулжонов Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш жуда муҳим деб ҳисоблайди. У Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси кўмагида Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидаги тиббиёт муассасасига General Electric'нинг компьютер томографини, шунингдек умумий суммаси 100 минг долларни ташкил қилувчи бошқа диагностика қурилмаларини етказиш масаласини ишлаб чиқмоқда. Бундан ташқари, у юқори технологик ускуналарни ўрнатиш ва уларда ишлашга ўзбекистонлик мутахассисларни ўргатишда кўмак беришга тайёр эканини билдирди.

Шунингдек Қулжонов 23 июнь - 3 июль кунлари Сент-Луис ва Сан-Диегодаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказларидаги нейрожарроҳлар, нейрофизиологлар, урологлар, ортопедлар ва бошқа шифокорлар гуруҳларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкиллаштиришни ният қилган. Улар ҳам Ўзбекистонда маҳорат дарслари ва юқори технологик операциялар ўтказиши режалаштирилмоқда.

Қулжоновнинг таъкидлашича, бу "хамир учидан патир", холос. Унинг фикрича, Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратаётган эътибори, шунингдек Американинг соҳадаги илғор тажрибасини татбиқ қилиш натижасида Ўзбекистон тиббиёти модернизацияси учун кенг истиқболлар очилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » АҚШнинг энг яхши шифокорларидан бири дея тан олинган нукуслик Ўзбекистонга келмоқда