18:56 / 23.09.2018
6 571

Соғлиқни сақлаш тизимида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

Соғлиқни сақлаш тизимида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
Ниҳоят, Ўзбекистонда роботлаштирилган жарроҳлик, радиожарроҳлик, фотодинамик терапия каби юқори технологияли даволаш усуллари ривожлантирилади, шифохоналарда даволанувчилар сони сезиларли даражада камаяди. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов яқин ўн йилда республика тиббиёт муассасалари фаолиятида кузатиладиган ўзгаришлар ҳақида сўз юритди.

Уч босқичли ривожланиш дастури

Яқин йилларда соғлиқни сақлаш тизимининг ривожланишини шартли равишда уч босқичга тақсимлаш мумкин. Ўзгаришларнинг бари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тавсияларига мувофиқ энг яхши замонавий профилактика, касалликлар диагностикаси ва даволаш тажрибаси билан характерланади.

2019-2020 йилларга тўғри келувчи биринчи босқичда соғлиқни сақлаш тизимини қайта йўналтиришни режалаштиряпмиз. Шифокорларнинг асосий вазифаси касалликлар профилактикаси бўлади. Бунинг учун бирламчи тиббий-санитар ёрдам тармоғини оптималлаштириш жараёнини ўтказиш, фаолиятни беморнинг оғриқдан азият чекиб шифокорга мурожаат қилишидан эмас, балки касалликларни эрта босқичда аниқлашга йўналтириш керак бўлади. Бу патронаж ва реабилитацион ишларни кучайтиришни талаб қилади. Энг кенг тарқалган касалликларни аниқлаш учун оммавий скринингни ривожлантирамиз. Биринчи звено тиббиёт муассасалари у ёки бу касалликларни аниқлаш мақсадида аҳолини оммавий кўрикдан ўтказиш ташаббуси билан чиқади.

Соғлом турмуш тарзи

"Соғлом овқатланиш" дастурларини амалга ошириш йўли билан нотўғри овқатланишни эрта босқичда аниқлаш ва касалликлар профилактикасига катта эътибор қаратилади. Дастур шунингдек ортиқча вазндан азият чекувчи кишиларни парҳезли овқатланиш билан таъминлашни ҳам ўз ичига олади.

Умуман олганда, "соғлом турмуш тарзи" бўйича дастурлар ривожланиши ва тарғиботига катта эътибор қаратилади. Болалар боғчаси, мактаб, коллеж, лицей ва олий таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, маҳалла қўмиталари, хотин-қизлар ташкилотлари, Ёшлар иттифоқидан тортиб то кексалар ва нафақахўрларни бирлаштирувчи ташкилотларгача ҳар куни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш оммавий тарғиб қилинади, тўғри овқатланиш усулларига оид хабардорлик даражаси оширилади.

Кўпчилик шифокорга ташриф касалхонада даволаниш билан тугаши кераклигига ўрганиб қолган. Илғор тиббиётга кўра, терапевтик касалликларнинг аксарияти шифохонага жойлашувни талаб қилмайди. Шу боис беморлар зарур тиббий муолажаларни олиш учун мурожаат қилувчи кундузги стационарлар тармоғини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Ҳаракатланишга қийналувчи кексалар ҳамда жамоатчиликда пайдо бўлиш тавсия этилмайдиган беморлар алоҳида эътиборни талаб қилади. Шунинг учун "Уй стационари" хизматини йўлга қўямиз, яъни тиббиёт ходими белгиланган муолажаларни ўтказиш учун беморнинг уйига боради.

Замонавий тиббиётни юқори технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Трансплантология ривожига алоҳида эътибор қаратилади, зеро бу баъзи беморлар ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона йўлидир. Бугунга келиб Тошкент шаҳрининг бирйўла бир неча тиббиёт муассасаларида буйрак кўчириб ўтказиш операциялари бажарила бошланди, Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази ишга туширилди. Академик Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик илмий-амалий тиббиёт марказида жигарни кўчириб ўтказиш билан боғлиқ операциялар бажарилмоқда. Гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институтида илдиз ҳужайраларини кўчириб ўтказиш йўли орқали қон касалликларини даволаш учун зарур шароитлар яратилмоқда. Мамлакатда бундай даволаш имкониятларининг йўқлиги одамларнинг ўз уйлари ва машиналарини сотиб, чет мамлакатларга даволаниш учун кетишига олиб келади, зеро бу жуда катта харажатларни талаб қилади. Вазиятни тубдан ўзгартирамиз. Маҳаллий клиникаларда даволаниш ҳамёнбоп нархларда бўлади.

Жарроҳ-роботлар, радиожарроҳлик

2021-2023 йилларда эса олий тиббиёт муассасаларининг клиникалари ривожига, уларда юқори технологияли даволаш усулларининг жорий қилинишига урғу берилади. Бу ҳудудий клиникаларда шифокорларни тайёрлаш ва юқори технологияларни татбиқ қилиш учун шароит яратади.

Биринчи босқичда овқатланишга катта эътибор қаратамиз, зеро нотўғри овқатланиш соғлиқ билан боғлиқ жиддий муаммоларнинг юзага келишига олиб келади. Соғлом овқатланишни ривожлантиришга қаратилган ягона сиёсатни белгилаб берувчи Миллий озиқланиш институти фаолияти йўлга қўйилади. Бу аҳоли, жумладан оналар ва болаларнинг нотўғри овқатланиши натижасида юзага келувчи салбий асоратларни қисқартиришга олиб келишига умид қиламиз, ортиқча вазн ва семизлик, соғлом таом билан таъминлаш ва бунинг учун барчага бирдек имконият яратиш шулар жумласидандир.

Битиши қийин бўлган жароҳатларни даволашда юқори самара берувчи фотодинамик терапияни ривожлантиришни ҳам режалаштиряпмиз. Менинг фикримча, бу йўналишни ривожлантиришда маҳаллий олимларнинг ишланмаларига етарлича эътибор қаратиш керак. Шунингдек, бу даврда мамлакатда жарроҳ-роботлар, радиожарроҳлик учун ускуналар ва даволашнинг бошқа юқори технологияли жарроҳлик усулларини жорий қилиш режалаштирилмоқда.

Йўлтанламаслар, махсус вагонлар ва вертолётлар

Узоқ муддатли истиқболда 2029 йилгача минтақалардаги самарасиз фаолият кўрсатаётган шифохоналар фаолиятини тўхтатиб, стационар тиббиёт муассасалари тармоғини оптималлаштиришни режалаштиряпмиз. Ривожланган мамлакатлар тажрибасига мувофиқ тиббий хизматларнинг деярли барча жабҳаларини ўз ичига олган йирик замонавий кўп профилли тиббиёт марказларини ишга туширамиз.

Фавқулодда вазиятларда мобиль ёрдам кўрсатиш учун транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Шифокорлар энг қисқа фурсатларда керакли манзилга етиб бориб, шошилинч ёрдамга муҳтож беморни стационарга етказишлари учун замонавий ва реанимацион автомобиллар, темирйўл транспортида махсус вагонлар ва ҳатто вертолётлар билан таъминланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Соғлиқни сақлаш тизимида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?