23:58 / 05.08.2018
4 774

5 август кунги тест синовларида 1 443 нафар абитуриент қатнашмади

5 август кунги тест синовларида 1 443 нафар абитуриент қатнашмади
Фото: Facebook / Азиз Абдуҳакимов
Республика олий таълим муассасаларига кириш тест синовларининг бешинчи куни — 5 августда ўтказилди ва тўлиқ якунланди. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.

Тест синовларининг бешинчи куни республикадаги 18 та олий таълим муассасасида тест жараёнлари бир вақтда 1-сменада 8:00 дан бошланиб, 11:30 га қадар ва 2-сменада 15:00 дан бошланиб, 18:30 га қадар тўлиқ якунланди.

Тест синовлари ўтказиладиган 57 та бинода ёнғин ва хавфсизлик чоралари кўрилди. Барча биноларда тиббиёт ходимларининг навбатчилиги ҳамда тест синовлари ўтадиган ҳудудларда тез ёрдам машиналари ташкил этилди.

5 августдан ҳаво ҳароратининг кўтарилиши натижасида абитуриентларнинг ота-оналари учун салқин жойларда ўринлар сони кўпайтирилди ва у ерда катта ҳажмли мониторлар ёрдамида тест жараёнлари онлайн кўринишда ёритиб борилди.

Ёзнинг чилласида ота-оналарга янада қулайлик яратиш мақсадида илк бор тест синовлари UzDigital-TV ва маҳаллий телеканаллар орқали ҳамда test2018.uz Интернет сайтида онлайн кўринишида тўғридан-тўғри ёритилди.

Ички ишлар тизимидан 4 963 та шахсий таркиб ходими, 1 206 та алоқа воситаси, 694 та металлодетектор, 289 та транспорт воситаси тест синовлари жараёни хавфсиз ўтишига жалб қилинди.

Тест синовларини ўтказишга таълим муассасаларидан тест синовлари ўтказиш тартиб-қоидалари ва технологияси бўйича махсус тайёргарликдан ўтган 2 минг 404 нафар гуруҳ назоратчиси жалб этилди. Барча ҳудудларда жамоат ва ёнғин хавфсизлиги, тест материалларининг махфий ва дахлсизлиги, бинолар фаолият тизимининг узлуксиз ишлаши, тиббий хизмат ва иншоотларни қўриқлаш тўлиқ таъминланди.

Тест синовларида 18 та олий таълим муассасасининг 98 та таълим йўналишида 57 минг 728 нафар абитуриент иштирок этди, турли сабабларга кўра 1 443 нафар абитуриент тест синовларига келмади.

Тест синовлари тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли 292 нафар абитуриент, шундан 161 нафари ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб киришга ва ўзгани ўрнига киришга уринганлиги учун, 131 нафари бино ичида шпаргалкадан фойдаланишга ва бошқа абитуриентларга ёрдам беришга уринганлиги учун тест синовларидан четлаштирилди.

Тест натижалари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Фелдегерлик хизмати томонидан махфийлиги ва дахлсизлигини таъминлаган ҳолда Давлат тест марказига 18:30 дан қайтариш бошланди. Сўнгги материаллар Фарғона водийси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан кечаси 2:00 да етиб келади.

Етиб келган тест натижалари бўйича дарҳол компьютер ёрдамида қайта ишлаш жараёни бошланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » 5 август кунги тест синовларида 1 443 нафар абитуриент қатнашмади