588
Ҳукумат қароридаги беқарорлик. Қўшимча таътил бекор қилинди, энди ўқувчи ва талабалар сарсон бўладими?
Фото: Kun.uz
Ўзбекистондаги айрим ОТМ ҳамда мактабларда қўшимча таътил бекор қилиниб, дарслар 11 январдан бошланиши маълум қилинди. Фавқулодда қабул қилинган бу қарор қанчалик тўғри бўлди?
Бошидан бошлаймиз
Аномал совуқ сабаб барча бўғиндаги таълим муассасаларига навбатдан ташқари таътил эълон қилиниб, дарслар 18 январдан бошланиши маълум қилинганди. Аммо ижтимоий тармоқларда 11 январдан барча мактаб ва олийгоҳларда дарслар бошланиши ҳақидаги хабарлар тарқалди. Бир неча соатлик кичик ваҳималардан кейин ташкилотлар расмий муносабат билан бу хабарларни тасдиқлашди.
Дастлаб Андижон вилояти ҳокимияти 11 январдан вилоятдаги барча мактаблар ва олий ва ўрта махсус таълим даргоҳларида ўқиш бошланишини хабар қилди.
«Юртимизда жорий йил январ ойининг иккинчи ўн кунлигида ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетиши муносабати билан Андижон вилоятдаги олий таълим, профессионал таълим муассасалари ва умумий ўрта таълим мактабларида белгиланган тартибда иш ташкил этилиб, қишки тайёргарлик ишлари амалга оширилди.
Жумладан, мавжуд бинолар ва талабалар турар жойлари ўқув жараёнларини бошлаш учун шай ҳолатга келтирилди», – дейилади хабарда.
Кейин Хоразм вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳам ҳудуддаги барча мактабларда анъанавий тарзда дарслар бошланишини маълум қилди.
«Ўзгидрометеорология маркази хабарига кўра, 11-18 январ кунлари вилоятимизда ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетмаслигини инобатга олиб, 2023 йилнинг 11 январ санасидан барча умумий ўрта таълим мактабларида ўқиш жараёни бошланишини маълум қиламиз», – деган бошқарма.
Бухоро вилояти ХТБ вилоятдаги барча мактабларда 3-чорак 11 январдан бошланишини маълум қилди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанддаги филиалида дарслар бошланаётганини хабар қилган:
«Самарқанд вилоятида об-ҳаво мўътадил бўлишини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси «Таълим тўғрисида»ги Қонунининг 27-моддасига асосан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг таълим соҳасидаги ваколатларига мувофиқ, Самарқанд вилоят ҳокимлиги билан келишилган ҳолда, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали ўқув машғулотларини 2023 йил 11 январдан анъанавий тарзда бошлашини маълум қилади.
Бошқа вилоятлардан келадиган талабалар истисно тарзда онлайн ўқиш графиги бўйича тюторларга мурожаат қилишлари сўралади».
Шундан сўнг, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳолатга муносабат билдирди. Унга кўра, шу йил 11 январдан бошлаб олий ҳамда профессионал таълим муассасалари ва академик лицейларда босқичма-босқич дарс машғулотлари бошланади. Қайд этилишича, ўқув жараёнини Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёнига асосан маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда ташкил этиш тавсия этилган.
«Ушбу жараёнларни белгиланган тартибда амалга ошириш мақсадида ҳар бир таълим муассасасида кеча-ю кундуз фаолият олиб борадиган, малакали мутахассислардан иборат «Штаб» ташкил этилади. Аномал совуқ бўлиши кутилаётган 10–18 январ кунларида барча таълим муассасаларида ҳар қандай мажлислар (жумладан ZOOM шаклида), тадбирлар, масъулларни асосий фаолиятидан чалғитувчи бошқа йиғилишлар ўтказиш тақиқланади.
Шунингдек, таълим муассасалари биноларининг иссиқлик тизимлари барқарор ишлаши таъминланади. Таълим муассасалари раҳбарлари ва тегишли маҳаллий ҳокимликлар талаба-ўқувчиларни хабардор қилиш, уларни ОТМ жойлашган ҳудудга етиб келишини таъминлаш ҳамда мазкур жараёнларни шахсан назоратга олади. Ўқув жараёнларини ташкил этишда ҳудуд имкониятлари, талабаларнинг ноқулай об-ҳаво шароитларида олийгоҳларга етиб келишлари тўла инобатга олиниши ва бунга зарур шарт-шароитлар яратилиши лозимлиги бўйича кўрсатма берилди.
Ўқув жараёнини ташкил этишда зарурият туғилганда ўқув графигига ўзгартириш киритишга рухсат берилади. 20 январга қадар талабаларнинг имтиҳонларга тайёргарлик кўришлари тавсия этилади.
Алоҳида таъкидлаймизки, 20 январга қадар якуний назорат ишлари ташкил этилмайди. Об-ҳаво шароитлари туфайли ўқишга келолмаган талабаларга ўқув жараёнларини бошлаш ҳамда назорат имтиҳонларига тайёргарлик кўриш бўйича тегишли масофавий дастурлар таклиф қилинади», – дейилган вазирлик муносабатида.
Аммо расмий изоҳда айнан қайси вилоятлардаги қайси ОТМлар 11 январдан дарсларни бошлашига аниқлик киритилмаган.
Шу билан бирга, юқоридаги ҳолатлар юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳали расмий изоҳ билан чиққанича йўқ. Ваҳоланки, маҳаллий ҳокимликлар 11 январдан мактаб ва боғчалар ҳам ишга тушишини ёзмоқда. Kun.uz бу бўйича вазирлик матбуот хизмати билан боғланишга уринди, аммо жавоб олишнинг иложи бўлмади.
Маҳаллий ҳокимликлар таълимга оид қарор қабул қилиши мумкинмиди?
Мазкур жараёнда бир ҳолатга алоҳида эътибор қаратилиши лозим. Вилоят ҳокимликлари вазирликдан олдин эълон қилган қарорига «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг 27-моддасини асос қилиб олишмоқда.
Истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Kun.uz’га маълум қилишича, бу асос бўла олмайди. Ушбу қонуннинг 27-моддасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига таълим ташкилотлари учун ўқув таътилларини белгилаш ёки уларни бекор қилиб, ўқув жараёнларини бошлаш ваколати берилмаган.
Шунингдек, федерация жойлардаги ижтимоий соҳа объектларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ҳам ўрганган.
«Мониторинг натижалари ушбу аномал совуқ ва узлуксиз қор ёғиб турган об-ҳаво шароитида талаба ва ўқувчиларнинг таълим ташкилотига етиб келиши кескин қийинлашишини кўрсатди. Шу боис таълим муассасаларида ўқув жараёнини бошлаш муддатини белгилашга доир қарор қабул қилишда таълим муассасалари маъмурияти, ота-оналар ва педагоглар билан маслаҳатлашган ҳолда иш тутиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, бунда қишлоқ жойлардаги болаларнинг бир неча километр узоқликдаги мактабларга пиёда қатнашини ҳам инобатга олиш зарур.
«Ўзгидромет» хабарига кўра, эртадан бошлаб республиканинг аксар ҳудудида ҳаво кескин совиши кутилмоқда. Натижада автойўллар музлаши, бу эса йўлларда йўл-транспорт ҳодисалари кўпайишига олиб келиши мумкинлигини унутмаслик лозим. Ўйлаймизки, масъуллар бу борада энг тўғри қарорга келишади», – дейилади хабарда.
Фавқулодда қабул қилинган қарор тўғри бўлмади
Шунингдек, бу ерда инобатга олинмаган яна бир қанча жиҳатлар бор. «Ўзгидромет» хизмати бу ҳафта ҳаво ҳарорати кечалари минус 12-17 даража, кундуз кунлари 5-8 даража совуққача, шимолда кечалари минус 17-22 даражагача тушишини хабар қилганди.
Шундан келиб чиқиб, барча таълим муассасаларида навбатдан ташқари таътил эълон қилинганди. Ҳозирда аномал совуққа ОТМ, мактаб ва боғчалар қанчалик тайёр экани савол остида турибди. Ваҳоланки, ўтган йили декабр ойида мактаблар қишга тайёр эмаслиги кўриниб қолганди.
Совуқ сабаб ҳаво йўллари ҳамда темирйўлларидаги қатновларда ҳам муаммолар юзага келмоқда. Uzbekistan Airports 10 январнинг ўзида 8 та авиарейс вақтларида ўзгариш бўлганини эълон қилган. Унга кўра, 2 та рейс қолдирилган, биттаси бекор қилинган, қолганининг учиш вақти кечиктирилган.
Темирйўлларда ҳам қор ва музламалар юзага келаётгани ҳисобга олинса, поездлар ҳаракат вақтида ҳам ўзгаришлар бўлиши эҳтимолдан холи эмас. ОТМда ўқувчи талабаларнинг аксарият қисми бошқа вилоятлардан келиб ўқийди. Мана шу вазиятнинг ўзи ҳам таҳсил олувчиларга яна бир муаммони келтириб чиқариши мумкин. Онлайн таълим олиш имконияти яратилган тақдирда эса таълим сифатида бўшлиқлар юзага келиши ёки барча талабалар офлайн шаклда ўқишга мажбурланиши эҳтимоли йўқ эмас.
Умуман олганда, бу каби муҳим қарорлар бевосита ваколати бор ташкилот органлари томонидан вазиятни ҳар тарафлама ўрганган ҳолда қабул қилиниши мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки таълимдаги ҳар қайси бўғинда жуда кўплаб ёшлар қамраб олинган. Олдинги қарорни фавқулодда инкор қилувчи бу каби қарорлар эса уларнинг бор ишончини ҳам сўндириш, ўқувчи ҳамда талабаларни сарсон қилишга хизмат қилади.
2019 йилда кириш имтиҳонларига 1 ой вақт қолганида Тошкент давлат юридик университети учун тест синовларидаги фанлар тақсимоти ўзгаргани бунга яққол мисол бўла олади.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Боррел: АҚШ Россияга 300 километргача ичкарига зарба беришга рухсат берди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”