2023 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтамиз.
Яшил энергия учун имкониятлар кенгаяди
Президентнинг 2023 йил 16 февралда қабул қилинган “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 1 мартдан бошлаб:
Ягона электр энергетика тизимига уланиш учун берилган техник шартларда кўрсатилган қувватдан юқори бўлмаган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини электр тармоқларига улашда қўшимча техник шарт олиш талаб этилмайди.
IT-парк резидентларига қўшимча имтиёз берилади
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 февралдаги қарорига мувофиқ, 1 мартдан бошлаб IT-парк дирекциясига унинг резидентлари томонидан ҳар ой ўтказиладиган ажратмалар миқдори, улар томонидан яратилган дастур, миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар аудиториясининг қамрови 500 минг фойдаланувчидан ошганда 25 фоизга, 1 миллион фойдаланувчидан ошганда 50 фоизга пасайтирилади.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида ўқув курслари бошланади
Президентнинг 2023 йил 7 февралдаги қарорига кўра, 1 мартдан терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини доимий равишда ташкил этиш бошланади. Ўқув курслари 1 мартдан бошлаб миллий ва халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда онлайн ва офлайн форматда ташкил этилади.
Тадбиркорлар солиқ қарзини бўлиб-бўлиб тўлаши мумкин
Президентнинг 2023 йил 2 февралда қабул қилинган “Ҳаво ҳарорати кескин совиб кетишининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш учун тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан:
Тадбиркорлик субъектларининг 2023 йил 1 январга нисбатан 1 февраль ҳолатига ошган (ҳосил бўлган) солиқ қарзини 2023 йил 1 мартдан 1 июлга қадар фоизларсиз, қўшимча шартлар қўймасдан ва таъминот талаб этмасдан тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади;
Тадбиркорлик субъектларига 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь-февраль ойларида давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини 2023 йил 1 мартдан бошлаб 1 июлга қадар тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилади.
Солиқ тўловчиларга солиқ текширувлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилади
Президентнинг 2022 йил 9 ноябрда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, 2023 йил 1 мартдан бошлаб:
солиқ тўловчиларга солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан тўғридан тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилади;
ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча юридик шахсларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тижорат хизматларини кўрсатишга рухсат берилади. Бунда, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали нодавлат хизматлар кўрсатиш тартиби Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда хизмат кўрсатувчи юридик шахс томонидан белгиланади;
Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан амалга ошириладиган бир шартнома суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 500 баравари ва ундан юқори бўлган давлат харидлари бўйича буюртмалар тўғридан тўғри шартномалар асосида бажарилишига йўл қўйилмайди;
вазирлик (идора, муассаса) ва унинг таркибидаги ташкилот (муассаса) ўртасида қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 500 баравари ва ундан юқори бўлган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг тўғридан тўғри шартномалар бўйича харид қилиниши тақиқланади.
Уч босқичли спорт мусобақалари ўтказилади
Президентнинг 2022 йил 4 апрелда қабул қилинган “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2023 йил 1 мартдан бошлаб олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича уч босқичли умумреспублика спорт мусобақаларини ўтказиш тизими жорий қилинади. Бунда биринчи босқичда туман (шаҳар) мусобақалари, иккинчи босқичда вилоят мусобақалари ҳамда учинчи босқичда республика (финал) мусобақалари ўтказилади.
Қимматлаши кутилаётган бензин
Президентнинг 2022 йил 12 декабрдаги қарори билан 2022 йил 10 декабрдан 2023 йил 1 мартга қадар импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган АИ-80 русумли автобензин маҳсулоти учун, истисно тариқасида, акциз солиғи “ноль” ставкада қўлланаётган эди. 2023 йил 1 мартдан ушбу муддат тугайди ва АИ-80 русумли бензин қимматлаши мумкин.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг