12:02 / 01.06.2023
236

Ўзбекистон қонунчилигида 1 июндан нималар ўзгармоқда?

Ўзбекистон қонунчилигида 1 июндан нималар ўзгармоқда?

2023 йил 1 июндан Ўзбекистон қонунчилигида қатор ўзгаришлар кучга киради.
Вафот этган ҳарбийлар оилаларига қўшимча имтиёзлар
1 июндан:
  • ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) фарзандлари мактабгача таълим муассасаларида бепул тарбияланиши, шунингдек, профессионал ва ОТМда давлат гранти асосида қўшимча квоталар бўйича таълим олиши таъминланади;
  • ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) ота-оналарига йилига 2 марта темир йўл ва ҳаво йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади.
"Тўмарис издошлари"
Ёши 18 дан кичик ва 30 дан катта бўлмаган, умумий ўрта ёки ўрта махсус маълумотли, бириктирилган ҳудудда доимий яшовчи ҳамда мулоқотга киришувчан ва ташкилотчилик қобилиятига эга хотин-қизларни кўнгилли асосда жалб қилиш орқали “Тўмарис издошлари” жамоавий гуруҳлари фаолияти ташкил этилади.
Мазкур гуруҳларнинг асосий вазифаларидан бири ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ўқиётган қизларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатаётган ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши билан боғлиқ масалаларни аниқлашда кўмаклашиш ҳисобланади.
"Яшил сертификатлар" тизими
Маҳсулотларни ишлаб чиқаришда экология ва атроф-муҳитга таъсирни чеклаш бўйича қўйилаётган талаблар асосида "яшил сертификатлар" тизими жорий этилади.
Миллий танлов
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ҳар йили:
- “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар” миллий танлови ўтказиб борилади;
- ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари ва мигрантлар ҳуқуқлари йўналишларида фаолияти мазкур шахслар билан бевосита боғлиқ бўлган ташкилотларда ўқув курслари ва семинар-тренинглар ташкиллаштирилади.
Янгича “метрика”
Тиббиёт муассасалари томонидан туғилганлик ФҲДЁ бўлимларида қайд қилинганлиги ҳақида QR-кодли маълумотнома берилади. Бу маълумотнома гербли гувоҳномага тенглаштирилади ҳамда давлат органлари ва ташкилотлар томонидан қабул қилишни рад этиш қатъиян тақиқланади.
Гувоҳнома эса фуқароларнинг исталган вақтдаги мурожаатларига асосан ФҲДЁ бўлимлари томонидан расмийлаштириб берилади.
Онлайн субсидия
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги барча субсидиялар “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга субсидия бериш” ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Телекоммуникация воситаларини ижарада жойлаштириш
1 июндан бошлаб амалга кирувчи регламентга мувофиқ, жисмоний ва юридик шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкалари, бино ва иншоотларда телекоммуникация воситаларини ўрнатиш шартномасини расмийлаштириш қуйидагича амалга оширилади:
- телекоммуникация оператори ер участкалари ёки биноларни ижарага олиш бўйича талабномани электрон шаклда ахборот тизими орқали тўлдиради, келишув маълумотлари ҳамда манзил ва координаталарини киритади;
- ваколатли органлар уч кун ичида телекоммуникация воситаларини тегишли манзилда жойлаштиришни келишади ёки келишишни рад этади;
- телекоммуникация оператори икки кун ичида ижара шартномаси маълумотларини ахборот тизимига киритади ва мулк ҳуқуқидаги ер участкалари ёки бино мулкдори ўртасида ижара шартномасини ахборот тизими орқали имзолайди (ахборот тизими орқали имзолаш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, шартнома қоғоз кўринишида имзоланади).

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон қонунчилигида 1 июндан нималар ўзгармоқда?