Ўзбекистонда доимий яшаётган аҳоли сони 36 млн 372 минг нафарни (1 июль ҳолатига) ташкил этмоқда. Бу ҳақда Статистика агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, мамлакатда энг кўп аҳоли яшайдиган ҳудуд — Самарқанд вилояти (4 млн 159 минг киши) ҳисобланади. Кейинги ўринларда Фарғона (4 млн 15 минг киши), Қашқадарё (3 млн 515 минг киши), Андижон (3 млн 354 минг киши) ва Наманган (3 млн 28 минг киши) вилоятлари туради.
Энг кам ўзбекистонликлар яшайдиган ҳудуд Сирдарё вилояти бўлиб, у ерда 905 минг киши истиқомат қилмоқда. Кейинги ўринларни Навоий (1 млн 65 минг киши), Жиззах (1 млн 491 минг киши), Хоразм (1 млн 971 минг киши) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон (1 млн 987 минг киши) эгаллаган.
Мамлакат бўйича аҳоли зичлиги энг юқори ҳудуд Тошкент шаҳри бўлиб, ҳар 1 км2 жой учун 7 минг киши тўғри келади. Аҳоли зичлиги энг паст ҳудудлар эса Навоий вилояти (ҳар 1 км2 жой учун 9,6 киши) ва Қорақалпоғистон (ҳар 1 км2 жой учун 11,9 киши) ҳисобланади.
Агентлик маълумотларига кўра, Ўзбекистонда доимий аҳоли сони кунига ўртача 2 минг кишига ошмоқда. Ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда республика аҳолиси 2,2 фоизга ортган. Ўзбекистонликлар 2023 йилнинг ҳар бир ойида ўртача 57,9 минг кишига кўпайган.
Республикада аёллар сони (1 июль ҳолатига) 18 млн 66 минг киши, эркаклар сони 18 млн 306 минг кишини ташкил этмоқда. Аҳолининг 18 млн 557 минг нафари шаҳарларда, 17 млн 816 минг нафари қишлоқларда яшайди.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг