Январь—июнь ойларида Ўзбекистонда никоҳдан ажралишлар сони 25 400 тани ташкил этиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 828 тага кўп бўлди. Бу ҳақда Статистика агентлиги ҳисобот берди.
Жорий йилнинг дастлабки 6 ойида Фарғона вилояти никоҳдан ажралишлар сони энг кўп ҳудуд сифатида қайд этилган. Вилоятда ярим йилда 3 107 та оила ажрашган. Кейинги ўринларда Тошкент шаҳри (2 989 та) ҳамда Андижон вилояти (2 854 та) келтирилган.
Никоҳдан ажралишлар сони энг кам ҳудуд — Навоий вилояти бўлиб, у ерда январь—июнь ойларида 755 та ажралишлар қайд этилган. Кейинги ўринларни Сирдарё (796) ва Жиззах (873 та) вилоятлари банд қилган.
Ажралишлар ўсиш суръатининг энг юқори даражаси Хоразм ва Фарғона вилоятларида, паст даражаси эса Бухоро ва Сирдарё вилоятларида кузатилган.
Ярим йил давомида 1 нафар фарзанд билан никоҳдан ажралишлар сони 13 186 тани, 2 ва ундан ортиқ фарзанд билан ажралишлар 5 505 тани ташкил этган. Никоҳдан ажралганларнинг ўртача ёши эркаклар учун 37,7 ёшга, аёллар учун 33,2 ёшга тўғри келган.
Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон бўйича никоҳдан ажралишлар сони жами 25 400 тани ташкил этган. Хусусан, шаҳар жойларида 15,3 мингта, қишлоқ жойларида 10,1 мингта оила ажрашган. Ўтган 2022 йилнинг дастлабки 6 ойида эса 24 572 та никоҳдан ажралиш ҳолатлари қайд этилиб, энг кўп ажралишлар Тошкент шаҳри (2 950 та) ва Самарқанд вилоятида (2 569 та) бўлган. Мамлакатда 2022 йилда жами 48 734 та никоҳдан ажралиш ҳолатлари юз берган.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг