22:06 / 08.08.2023
341

Ўзбекистонда аёллар кўпроқ вафот этмоқдами ёки эркаклар?

Ўзбекистонда аёллар кўпроқ вафот этмоқдами ёки эркаклар?

Жорий йилнинг дастлабки ярмида Ўзбекистонда қайд этилган ўлимлар сони ўтган йилдагига нисбатан 1100 тага камайди. Қуйида Статистика агентлигининг ўлим кўрсаткичларига доир маълумотлари тақдим этилади.

Инфографика: Статистика агентлиги

Вафот этганлар сони

Мамлакатда 2023 йил январь—июнь ойларида вафот этганлар сони 79,8 минг кишини ташкил этди. Шундан эркаклар 44 100 нафар, аёллар 35 700 нафар. Вафот этганлар сони шаҳар жойларида 42 400 кишини, қишлоқ жойларида 37 400 кишини ташкил этди.

Ойлар кесими бўйича тақсимлаганда февраль ойида энг кўп ўлим кузатилган бўлиб, 8326 нафар эркак ва 6562 нафар аёл ҳаётдан кўз юмган. Энг кам ўлимлар январь ойида қайд этилган бўлиб, жами 6 066 нафар эркак, 4 931 нафар аёл вафот этган.

Инфографика: Статистика агентлиги

Жами вафот этганларнинг 55,5 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар, 23,8 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 20,7 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилар бўлган.

Ўлимлар ҳудудлар кесимида

Инфографика: Статистика агентлиги

Жорий йилнинг дастлабки 6 ойи давомида Самарқанд вилояти аҳолиси орасида энг кўп ўлим (9 053 та) қайд этилди. Кейинги навбатдан Фарғона (8 387 та) ва Қашқадарё (8 039 та) вилоятлари ўрин олди. Энг кам ўлим Навоий вилоятида кузатилган бўлиб, ҳудудда ярим йил ичида 1 971 нафар одам вафот этди. Сирдарёда эса 2 094 киши оламдан ўтди.

Ўлимларнинг ўсиш суръати энг юқори даражаси Қорақалпоғистонда (111,4 фоиз) кузатилди. Шунингдек, Сирдарё, Жиззах, Навоий, Сурхондарё вилоятларида ҳам ўсиш юқори даражада қайд этилди. Нисбатан паст ўсиш даражаси Тошкент шаҳрида (84,8 фоизда) бўлди. Шу билан бирга, Қашқадарё, Фарғона, Бухоро ва Хоразм вилоятларида ҳам ўсиш пастроқ кечди.

Ўлим сабаблари

Инфографика: Статистика агентлиги

Статистика агентлиги ахборотига кўра, ярим йил давомида қайд этилган ўлим ҳолатларининг 51,9 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан, 11,5 фоизи нафас олиш аъзолари касалликларидан, 9,5 фоизи ўсимталардан экани аниқланган. Яна 4,4 фоиз одам овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари, 3,6 фоизи бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлар, 1,4 фоизи юқумли ва паразитар касалликлар ҳамда 17,7 фоизи бошқа касалликлардан ўлим топган.

Маълумот учун, республикада 2020 йилда 74 700 киши, 2021 йилда 79 700 киши, 2022 йилда 80 900 киши вафот этган.


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда аёллар кўпроқ вафот этмоқдами ёки эркаклар?