22:56 / 07.03.2024
92

Ўзбекистонда 16—18 март кунлари умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади

Ўзбекистонда 16—18 март кунлари умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади
Ўзбекистонда 16—18 март кунлари “Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади. Бу ҳақда бош вазирнинг тегишли фармойишида маълум қилинди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Маълум қилинишича, ҳашар доирасида “Маҳалламга 10 туп дарахт — менинг туҳфам” шиори остида барча турар жой мавзелари ва маҳаллаларда иқлим шароитига мос ҳамда суғориш тизимини ҳисобга олган ҳолда дарахт кўчатлари экилади.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимликлари маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари (маҳаллий бюджетлар даромадларининг чораклар якунлари бўйича аниқланадиган прогноздан ошириб бажарилган қисмининг 10 фоизидан ташқари), ҳомийлик хайриялари, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали аҳолига бепул кўчат тарқатиш ва дарахт экиш ишларини ташкил этилади.

Бундан ташқари, аҳоли пунктларида қаровсиз қолган дарахтларни сақлаш ва парвариш қилиш ҳамда боғларни кўкаламзорлаштириш, ушбу ҳудудларда дарахтлар экиш, сақлаш ва парвариш қилиш ишларига аҳолининг банд бўлмаган қатлами ихтиёрийлик асосида жалб қилинади.

Хайрия ҳашари доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилиши белгиланган:
  • ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, айниқса, эҳтиёжманд, меҳр-мурувватга муҳтож, боқувчисиз қолган кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашиш;
  • маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли турар жойлар ва ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳамда болалар майдончаларини тартибга келтириш;
  • ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш иштирокчиларини зарур техника воситалари ва анжомлар билан таъминлаш;
  • жойларда ободонлаштириш ишларини ўтказиш жараёнида тўпланган чиқиндилар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан алоҳида белгиланган жойларга олиб чиқилишини таъминлаш.

Фармойишда автомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналар, қурилиш майдонлари, бино ва иншоотлар томлари, хавфли ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, инсонларнинг ҳаёти ёки соғлигига хавф туғилиши мумкин бўлган бошқа жойларда ихтиёрий ташаббус билан тадбирлар ва бошқа ишларни амалга ошириш мумкин эмаслиги алоҳида кўрсатиб ўтилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда 16—18 март кунлари умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади