13:24 / 29.09.2016
9 448

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Хоразмга ташрифи вақтида Тахиатош ИЭС қурилишини тезлаштириш бўйича кўрсатма берди

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Хоразмга ташрифи вақтида Тахиатош ИЭС қурилишини тезлаштириш бўйича кўрсатма берди

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи, шу билан бир вақтда бош вазир Шавкат Мирзиёев 28 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятига ташрифни амалга оширди. У ташриф давомида мазкур ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳолати билан яқиндан танишди. Сафар тўғрисидаги репортаж "Ўзбекистон" миллий телеканалининг "Ахборот" дастури орқали намойиш этилди, деб ёзмоқда "Кун" нашри.

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ҳудудидаги Тахиатош иссиқлик электр станциясида бўлиб, 230-280 МВт қувватга эга иккита буғ-газ ускунасининг қурилиши бўйича инвестицион лойиҳанинг амалга оширилиши масаласини муҳокама қилган.

Умумий қуввати 730 МВт дан иборат 5та энергия блокидан ташкил топган Тахиатош ИЭС шимолий минтақанинг энергияга бўлган талабини қондирувчи асосий манба ҳисобланади. Станция ҳар йили 3,2 миллиард кВтс электр энергияси ишлаб чиқаради. Бунинг учун эса 1,15 миллион куб метр табиий газ сарфлайди. Лойиҳани амалга ошириш нафақат қимматбаҳо хом ашё сарфини сезиларли даражада қисқартиришга, балки талаб доимий равишда ўсиб бораётган энергияни янада кўпроқ ишлаб чиқаришга ҳам хизмат қилади.

Бунда ИЭС қуввати ошиши билан бир қаторда, сарфланаётган газни 488 миллион куб метрга қисқартириш ҳам кўзда тутилган. Белгиланган ишлар якунига етиши билан ИЭС қуввати 930 МВт га ортиб, энергия ишлаб чиқариш ҳажми йилига 3,3 миллиард кВтс га етади.

Шавкат Мирзиёев лойиҳа мамлакатнинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2015 йил 18 июндаги қарори асосида амалга оширилаётганини эслатиб ўтди.

"Мазкур лойиҳани амалга оширмасдан туриб Қорақалпоғистон ва Хоразм саноатини ривожлантириш имконсиз. Президентимиз мазкур ҳудуд келажаги ва ёшларнинг иш билан таъминланиши учун 15-20 йилни мўлжаллаган ҳолда ушбу карорни қабул қилган. Бу ишни тезлаштириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз", — дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирган "Газета.uz".

Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳри асосий режасининг амалга оширилиш жараёни билан ҳам танишган. Муҳокама чоғида асосий эътибор замонавий кўп қаватли турар жойлар, дам олиш масканлари, сунъий кўл ва сув ҳавзаларининг бунёд этилишига қаратилган.

Қорақалпоғистон фаоллари билан учрашувда минтақанинг экспорт салоҳиятини ошириш, пахта ва бошқа экинлар ҳосилини қисқа муддатларда йиғиб олиш, ижтимоий объектлар ва турар жой биноларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, қишлоқ-хўжалик маҳсулотларини қишга ғамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Арзон уй-жойлар қуриш, коммунал хизматлар фаолиятини такомиллаштириш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш каби масалалар кўтарилди.

Шу куни Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятида ҳам бўлди. Бу ерда у яқин йилларда Урганчда қурилиши режалаштирилаётган кўп қаватли турар жойлар лойиҳалари билан танишиб чиқди. Шу билан бир қаторда, қишлоқ жойларида кам таъминланган оилалар учун индивидуал уйлар қурилиши масаласи муҳокама қилинди.

Қўшкўпир туманида Президент в. б. қишлоқ хўжалиги ишларининг бориши билан танишди, фермерлар билан ерларнинг ҳосилдорлигини ошириш, сув ресурсларидан тўғри фойдаланиш, юқори ҳосилдор экинлар навларидан фойдаланиш масалаларини муҳокама қилди.

Хоразм фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувда вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, минтақавий экспорт кўрсаткичларининг оширилиши, янги саноат объектларининг қурилиши, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш каби долзарб масалалар муҳокама мавзуси бўлган.

Маълумот учун, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида электр энергиясининг асосий манбаси бўлган Тахиатош иссиқлик электр станциясида ҳар бири 230−280 мегаватт қувватга эга 2та буғ-газ қурилмасини қуриш, учта мавжуд энергоблокни демонтаж қилиш ва иккитасини захира учун сақлаб қолиш бўйича лойиҳа амалга оширилиш кўзда тутилган. "Ўзбекэнерго" давлат акциядорлик компанияси маълумотига кўра, лойиҳа 678,2 миллион долларга баҳоланган бўлиб, жумладан Осиё тараққиёт банкининг 300 миллион долларлик ва Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 230,7 миллион долларлик кредитлари ҳисобига молиялаштирилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Хоразмга ташрифи вақтида Тахиатош ИЭС қурилишини тезлаштириш бўйича кўрсатма берди