09:51 / 09.10.2016
10 152

Ҳожи онанинг Ш. Мирзиёвга мурожаати «Илтимосимни инобатга олсангиз қиёматгача сиздан рози кетаман»

Ҳожи онанинг Ш. Мирзиёвга мурожаати «Илтимосимни инобатга олсангиз қиёматгача сиздан рози кетаман»

Сизнинг қутлуғ шаҳарчамиз Ховосга келганингизни эшитиб бошим осмонга етди. Ховос – Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари улуғ зотлар пойи қадами етган жойдир. Сизнинг бу ерга келиб, уйсизларга уй, ишсизларга завод қуриб бераман деган ваъдаларингизни эшитиб, бошим янада осмон бўлди. Албатта, Оллоҳ фақир-мискинларнинг бошини силаганлар тарафидадир. Албатта, Оллоҳ камбағалларга силаи-раҳм қилганлар тарафидадир. Сиз Оллоҳнинг ёрдамга муҳтож бандалари тарафида экансиз, биз сизнинг тарафингиздамиз. Ҳамиша сизни қўллаб-қувватлаймиз ва сизга овоз берамиз !
Шовкатжон ўғлим !
90 ёшга кирган Зулайҳо хожи онангизни арзу-додига қулоқ солишингизни ёлвориб сўрайман. Азиз халқимизнинг бошидан “оилани планлаштириш” деган тамғани олиб ташлашингизни бир муштипар она сифатида ўтиниб сўрайман. Ахир Ризқ – Оллоҳдан-ку ! Ҳар бир фарзанд дунёга келар экан, ўз ризқи билан туғилади. Ёш-ёш келинчакларнинг қорнидан қанчадан-қанча бегуноҳ гўдакларни олиб ташлашди. Тўрт литр мой, ўнта кир совун бераман деб, алдаб авраб аёлларни бачадонларини юлиб олишди. Иккитадан ортиқ, учтадан ортиқ туғмасликни шарт қилишди. Туғишни таъқиқлашди. Шу адолатданми ? Ахир Ўзбекистонимизнинг ери бой, аҳолиси эса кам-ку? Ахир Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “ Кўпайинглар, мен қиёмат куни кўплигингиз билан фахрланаман” деган эдилар-ку ?
Сизни ҳамиша мард, меҳнаткаш ва халқпарварлигингизни эшитиб келаман ва бир онаизор сифатида бундан фахрланаман. Илоҳо, элимизнинг сиздай фидоий фарзандлари кўпайсин. Ўзбекистоннинг довруғини дунёга ёйсин ! Ўзбек фарзандлари ўз оналарига, аёлларига меҳрибонлиги билан дунёда ном қозонсин, мардлиги, донишмандлиги, халқпарварлиги билан шуҳрат қозонсин.
Агар шу илтимосимни, ёлворишларимни инобатга олсангиз, то қиёматгача сиздан рози кетаман, сизни дуо қиламан.
Мен Сизга ишонаман !
Сизнинг меҳрибонлигингизга, сизнинг мардлигингизга, оналарни бошингизга кўтаришингизга ишонаман. Ўзбекистон сиз билан гуллаб яшнашига ишонаман. Мен сизга овоз бераман !
Сизни ўғлим дея бағрига босгувчи Зулайҳо хожи онангиз.
Сирдарё вилояти, Ховос шаҳарчаси


Ҳожи онанинг Ш. Мирзиёевга мурожаатини Шоир Муҳаммад Исмоил ўз саҳифасида эълон қилди.

Таҳририятдан: Ўзбекистон сиёсати ва қонунчилигида “оилани планлаштириш” тушунчасига оид маълумотлар йўқ ва фарзанд кўришга чекловлар ҳам мавжуд эмас. Давлатимиз сиёсати ёшларни қўллаб қуватлаб уларни ҳам маънан ва жисмонан соғлом ўсишини таъминловчи сиёсатни олға суради.

Манба: Diydoraziz.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ҳожи онанинг Ш. Мирзиёвга мурожаати «Илтимосимни инобатга олсангиз қиёматгача сиздан рози кетаман»