18:40 / 23.01.2025
106

2030 йилгача камида 100 та «Янги Ўзбекистон» массиви қурилади

2030 йилгача камида 100 та «Янги Ўзбекистон» массиви қурилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ипотека дастури доирасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил учун режалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Давлат раҳбари ҳокимлар уй-жой қурилишига фақат ижтимоий ёки қурилиш масаласи деб эмас, балки ҳудудини иқтисодий ривожланишида асосий «драйвер» сифатида қараши зарурлигини таъкидлади.

Ўтган йили уй-жой қурилишида Тошкент шаҳри, Навоий, Бухоро, Хоразм ва Самарқандда ишлар яхши ташкил қилингани айтилди. Лекин «Янги Ўзбекистон» массивларидаги ишларнинг бориши қониқарсиз экани қайд этилди. Қорақалпоғистон, Жиззах ва Сирдарёда эса инфратузилма ва қурувчилар билан ишлаш ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Хоразмда 98 та, Бухорода 65 та, Жиззахда 19 та, Навоийда 12 та аукционда сотиб олинган ерда қурилиш бошланмаган. Баъзи хонадонлар аҳоли ва инфратузилмадан узоқ, талаб бўлмаган жойда қурилгани учун бир йилдан бери сотилмаяпти.

«Янги Ўзбекистон» массивларини қуриш бўйича мутлақо янги тизим йўлга қўйилиши таъкидланди. Энди «Янги Ўзбекистон» массивига берилган ер бўйича лойиҳалашни 2 ойдан, қурилишни бошлашни 3 ойдан оширишга йўл қўйилмайди. Бу талаб бузилса, ер қайтариб олиниб, қайта аукционга чиқарилади. Лойиҳа экспертизасини ўн беш кундан ўтказиб юборган ташкилотларнинг лицензияси тўхтатиб қўйилади.

«Янги Ўзбекистон» массиви учун берилган ерларнинг 10 фоизи девелоперларга тижорат биноларини қуриши учун ягона лот сифатида савдога чиқарилади.

Бу уйларни пастки қаватида хусусий боғча ташкил қилишга рухсат берилиши, улар мулк солиғидан ҳам озод қилиниши таъкидланди.

Ҳокимларга бу массивларга кўчиб келадиган аҳолининг талабини ҳисобга олиб пастки қаватларда боғча ташкил қилишни бошлаш топширилди.

Мамлакатимизда 2030 йилгача камида 100 та «Янги Ўзбекистон» массивини қуриш режа қилинган.

Янги массивлар учун ерлар камида 70 минг одам яшайдиган туман маркази ёки шаҳар ҳудудига 1-2 километр масофадаги жойдан ажратилади. Бу массивларнинг ҳар бирида 100 минг квадрат метр хонадон қурилади.

Жорий йил «Янги Ўзбекистон» массивлари инфратузилмаси учун 1,2 триллион сўм берилади.

Ҳозир «Янги Ўзбекистон» массиви учун масъул ягона ташкилот бўлмагани учун, ер қаердан ажратилади, инфратузилма қандай бўлади, қаерга дарахт экилади, суғориш ва дренаж тизими қанақа ўтказилади, деган саволларга жавоб йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу боис, бу ишларни ташкиллаштириш учун «Ўз уйим» компанияси ташкил қилинади. Ушбу компания «Янги Ўзбекистон» массивларига ер танлаш, лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилишга масъул бўлади.

Мутасаддиларга халқаро экспертларни жалб қилиб, келгуси беш йил учун уй-жой сиёсати стратегиясини ишлаб чиқиш топширилди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон