date
views 322

Уста деҳқонларни қўллаб-қувватлаш учун янги субсидия ва грант тизими жорий этилди

Уста деҳқонларни қўллаб-қувватлаш учун янги субсидия ва грант тизими жорий этилди
Ўзбекистонда деҳқон ва томорқа эгаларини янада рағбатлантириш, уларнинг меҳнатини самарали ташкил этиш мақсадида молиявий ёрдам беришнинг янги тизими амалга киритилмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Ҳукуматнинг 2025 йил 13 май куни қабул қилган қарори билан "Деҳқон ва томорқа эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида"ги низом тасдиқланди. Ушбу низомга мувофиқ, махсус жамғарма ҳисобидан деҳқон ва томорқа эгалари учун субсидия ва грантлар ажратиш белгиланган.

Янги низомда қуйидаги йўналишларда молиявий қўллаб-қувватлаш кўрсатилади:
  • Ҳар йили мамлакат бўйича 500 та маҳаллада энг илғор, намунавий ва инновацион лойиҳаларни амалга оширган уста деҳқонлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 100 бараваригача бўлган грантлар тақдим этилади.
  • Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги билимларни кенгайтириш мақсадида қисқа муддатли ўқув курслари ташкил қилган ва ўз билимини бошқалар билан баҳам кўрган уста деҳқонларга ҳар бир курс учун БҲМнинг 15 бараваригача субсидия берилади.
  • Маҳалладаги хонадонларнинг камида ярмида экспортбоп маҳсулот етиштиришни ташкиллаштирган ва шу орқали маҳалла иқтисодиётини юксалтирган уста деҳқонларга 100 миллион сўмгача субсидия ажратилади.

Мазкур субсидияларни оладиган уста деҳқонлар “маҳалла еттилиги” томонидан ўтказилган хатлов асосида аниқланади. Бу жараёнда маҳалла фуқаролари ўртасидаги тадбиркорликни ривожлантиришга қўшилган ҳисса, амалий натижалар ва самарадорлик инобатга олинади.

Субсидия олиш учун таклифларни ваколатли вазирлик 10 иш куни давомида кўриб чиқиб, энг муносиб номзодларни саралаб олади. Сўнгра ҳудудий меҳнат органлари субсидия маблағларини бир иш куни ичида “Онлайн маҳалла” платформаси орқали уста деҳқонларнинг шахсий банк карталарига ўтказиб беради.

Ушбу янги тизим орқали мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илғор тажрибаларни янада кенгайтириш, аҳолининг даромадини ошириш ва экспорт салоҳиятини юксалтириш мақсад қилинган.

Zamin.uz таҳририяти мамлакатимиз деҳқонларига омад ва серҳосиллик тилайди!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Уста деҳқонларни қўллаб-қувватлаш учун янги субсидия ва грант тизими жорий этилди