date
views 286

Кувайтлик машҳур блогер Ўзбекистоннинг туризм элчиси этиб тайинланди

Кувайтлик машҳур блогер Ўзбекистоннинг туризм элчиси этиб тайинланди
Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчихонасида мамлакат туризмини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишга қаратилган навбатдаги муҳим қадам амалга оширилди. Жорий ҳафта элчихонада Кувайтнинг машҳур медиа шахсларидан бири, блогер Абдулкарим ал-Ҳиндал ва “Unique Travel” сайёҳлик компанияси ижрочи директори Суад ал-Маҳри иштирокида расмий учрашув ташкил этилди.

Тадбирнинг асосий воқеаси сифатида Абдулкарим ал-Ҳиндалга Ўзбекистоннинг Кувайтдаги туризм элчиси мақоми берилди ва ушбу мақомни расман тасдиқловчи сертификат тантанали равишда топширилди.

Абдулкарим ал-Ҳиндал ўз чиқишида Ўзбекистон ҳукумати ва элчихонасига билдирилган ишонч учун самимий миннатдорлик изҳор этар экан, бундан кейин юртимизнинг бой тарихи, маданияти ва сайёҳлик салоҳиятини Кувайт ва бошқа араб мамлакатларида оммавий равишда тарғиб этишни ўзининг шахсий бурчи сифатида қабул қилишини таъкидлади.

— Ўзбекистонга қилган сафарларим менда унутилмас таассуротлар қолдирган. Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарлардаги бой мерос, халқингизнинг самимийлиги ва ўзбек таомларининг беназир таъми мени ўзига ром этган. Палови, чой анъаналари, миллий муҳит — буларнинг барчаси сайёҳлар учун жозибадор омиллардир. Менга берилган ушбу масъулиятли мақомни тўлиқ адо этишга ҳаракат қиламан, — деди Абдулкарим ал-Ҳиндал.

Учрашув давомида томонлар ўртасида келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, Кувайтда Ўзбекистон туризм брендини оммалаштириш, сайёҳлик лойиҳаларини йўлга қўйиш, етакчи маҳаллий ва халқаро ОАВларда юртимиз ҳақида мақолалар ва лавҳаларни чоп этиш, махсус тақдимотлар ташкил этиш каби масалалар юзасидан келишувга эришилди.

Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг жаҳон туризм харитасидаги мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз. Мамлакатимизнинг араб дунёсидаги сайёҳлик имижи бундан кейин янада ёрқин ва таъсирли кўриниш олиши кутилмоқда.

Фото: "Дунё" АА
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Кувайтлик машҳур блогер Ўзбекистоннинг туризм элчиси этиб тайинланди