date
views 2 505

2025 йилдан буғдой савдоси янги тартибда амалга оширилади

2025 йилдан буғдой савдоси янги тартибда амалга оширилади
2025 йил дон мавсумида давлат ресурслари ҳисобидан харид қилинган буғдой бўйича ҳисоб-китоблар янги тартибда амалга оширилади. Бу ҳақдаги тегишли қарорга мувофиқ, эндиликда “Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси” АЖ ҳар йили 1 июнга қадар, январдан апрелгача шаклланган нархлар асосида, 3-синфли буғдой учун ўртача нархни ўз расмий сайтида эълон қилиши шарт қилиб белгиланди.

Шунингдек, Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига омборлар орқали дон қабул қилиш ва тарқатиш жараёнлари, шу билан бирга Жамғарма, тижорат ташкилотлари ва фермерлар ўртасидаги молиявий ҳисоб-китоблар самарадорлигини ошириш мақсадида, d-xarid.uz ахборот тизими орқали шартнома асосида буғдой харид қилишга рухсат берилди.

Ҳужжатга асосан, қуйидаги тартиблар тасдиқланди:

• 2025 йил ҳосилидан вақтинча сақлаш, давлат ресурслари ва уруғлик учун буғдойни қабул қилувчи омборлар жойлашуви (дислокацияси).
• 2025 йил давлат захираларига харид қилинадиган буғдой нархини синфларга қараб аниқлаш коэффициентлари.
• 2026 йилги ҳосил учун тайёрланадиган уруғлик буғдойни совиткичли омборларда вернализация қилиш ҳажмлари.

Бу қарорнинг асосий мақсади – буғдой хариди жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, соҳада шаффофлик ва тезкорликни таъминлаш, шунингдек, етиштирувчилар, сақловчи ташкилотлар ва давлат ўртасидаги ўзаро муносабатни ҳуқуқий асосда мустаҳкамлашдир.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » 2025 йилдан буғдой савдоси янги тартибда амалга оширилади