date
views 846

Таксида прописка талаби қайтди: янги қарорга норозилик нега кучаймоқда?

Таксида прописка талаби қайтди: янги қарорга норозилик нега кучаймоқда?
Ўзбекистонда таксичилик фаолиятига оид янги қоида жамоатчилик орасида кескин баҳсларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг танқидий муносабати кўплаб фойдаланувчиларнинг эътиборини тортди.

Таксичилар учун ҳудудий чеклов: нимадан бошланди?

2025 йил 2 апрелдан кучга кирган Вазирлар Маҳкамасининг янги қароридан сўнг, такси ҳайдовчиси энди фақат автомашина рақами берилган ҳудудда қонуний таксичилик қила олади. Яъни, мисол учун 60 рақамли машина эгалари — фақат Андижонда, 95 рақамли ҳайдовчилар эса — Қорақалпоғистонда фаолият юритиши мумкин. Илгари эса, лицензия карточкасида қайси ҳудуд кўрсатилган бўлса, шу ерда эркин ишлаш мумкин эди.

Қонундан қочиб бўладими? Яширин иқтисодиётга йўл очиладими?

Юқоридаги чекловлар сабабли энди вилоятдан келган ҳайдовчилар Тошкентда қонуний таксичилик қилиш имконидан маҳрум. Бу ўз навбатида ноқонуний таксичилик, қўл кўтариб, шахсий автомашиналарда йўловчи ташиш ҳодисаларининг кўпайишига олиб келиши мумкин. Блогер таъкидлаганидек, тез орада шаҳарда 2 дақиқада келадиган такси 20 дақиқага кечикади, нархлар ошиб кетиши эҳтимоли кучаяди.

Янги қоидалар кимларга зарар, кимларга фойда?

Фақат ўз вилоятида ишлашга мажбур бўлган ҳайдовчиларнинг сони кескин камаяди. Тошкентда пропискаси бўлмаганлар “ген доверенност” билан юришга мажбур бўлади, машинасини таниш номига расмийлаштириш хавфи туғилади. Бу эса янги мулкий низолар, ҳуқуқий тортишувларни келтириб чиқариши мумкин.

Конституция ва прописка режими – ортга қайтишми?

Энг катта танқид — бу қарорнинг Конституцияда белгиланган эркин ҳаракат ва фаолият ҳуқуқларига зидлигида. Аввал бутун мамлакат бўйлаб прописка чекловлари бекор қилиниши Янги Ўзбекистон учун катта ютуқ сифатида эътироф этилган эди. Энди эса, таксичилар мисолида “прописка режими” яна қайтгани жамиятда жиддий норозилик уйғотмоқда.

Кейинги навбат кимга?

Муаллиф, бу қоида таксичилардан бошланганини, эртага бошқа касб эгаларини ҳам чеклаш эҳтимоли борлигини қайд этади. “Балки, яқин келажакда сартарошлар, новвойлар ёки бошқа ҳунармандлар ҳам фақат ўз вилоятида ишласин, дейишади?” — деб, жамоатчиликни огоҳлантиради.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Таксида прописка талаби қайтди: янги қарорга норозилик нега кучаймоқда?