date

Қозоғистон президенти Ўзбекистон жамоасини олқишлади

Қозоғистон президенти Ўзбекистон жамоасини олқишлади
Марказий Осиё футбол тарихида муҳим бурилиш нуқтаси содир бўлди — Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Ушбу улкан муваффақият нафақат ўзбек футболи мухлислари, балки бутун минтақа учун фахрли ҳодиса бўлди. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам бу тарихий ютуқни бефарқ қолдирмади ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни самимий табриклади.

Табрик «Марказий Осиё – Хитой» саммити доирасида, 17 июн куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган расмий тадбир чоғида янгради. Саммит иштирокчилари сўзга чиқишдан олдин Тўқаев Ўзбекистоннинг спортдаги ғалабасини алоҳида таъкидлади:

— Спортдаги ушбу тарихий муваффақият – Ўзбекистон терма жамоасининг 2026 йилги жаҳон чемпионатига чиққани билан чин қалбимдан табриклайман. Бу ютуқ ўзбек футболининг юксак босқичга кўтарилганини ифодалайди. Биз, қозоқ халқининг вакиллари сифатида, дўстларимиз учун чин дилдан хурсандмиз ва мундиалда сизларга мухлислик қиламиз, — деди Қозоғистон етакчиси.

Ўзбекистон миллий жамоаси Осиё саралаш босқичининг «А» гуруҳида ишончли ўйин намойиш этиб, иккинчи ўринни эгаллади ва мундиал йўлланмасини қўлга киритди. Бу ютуқ футбол тарихимизда илк маротаба қайд этилмоқда. Кўпчилик футбол шарҳловчилари буни бутун минтақа спорт ҳаёти учун бурилиш деб атамоқда.

Саммитда қатнашган бошқа давлатлар — Хитой, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон миллий жамоалари эса саралаш турнирида кутилган натижаларга эриша олишмади. Бу ҳолат минтақа давлатлари учун ўз спорт сиёсатини қайта кўриб чиқиш зарурлигини яна бир бор кўрсатди.

Қозоғистон миллий жамоаси эса Европа саралаш турнирида «Ж» гуруҳида қатнашмоқда. Улар ҳозирда Белгиядан кейинги кучли жамоалар – Уелс, Шимолий Македония ва Лихтенштейн билан куч синашмоқда. Гуруҳда ҳозирча 4-ўринда бораётган қозоқ футболчилари ҳам мундиал учун курашни давом эттиришмоқда. Саралаш баҳслари Европада ноябрь ойида якунланади.

2026 йилги жаҳон чемпионати эса 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мекцикада бўлиб ўтади. Мусобақа форматида ўзгариш бўлиб, бу сафар 48 та терма жамоа иштирок этади. Бу эса Ўзбекистон терма жамоасига нафақат иштирок этиш, балки гуруҳ босқичидан чиқиш учун ҳам катта имконият яратади.

Ўзбекистоннинг мундиалга чиқиши Марказий Осиё футболи учун янги босқични бошлаб беради, дейишмоқда спорт таҳлилчилари. Минтақа футболчилари эндиликда фақат орзу эмас, балки реал мақсад йўлида ҳаракат қилиши мумкинлигини кўрсатди. Энди бутун эътибор жамоанинг мундиалга тайёргарлигига қаратилади. Янги тарих энди ёзилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Қозоғистон президенти Ўзбекистон жамоасини олқишлади