
Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги саноат ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.
Мазкур ҳудуд Бешқўрғон ва Тирсакобод маҳаллалари ҳудудида жойлашган бўлиб, 320 гектар майдонни эгаллаган. Кичик саноат зонаси мақомидаги ушбу мажмуа Президентнинг 2023 йил 3 июлдаги қарори асосида ташкил этилган. Унга мувофиқ, транспорт, муҳандислик-коммуникация ва йўл инфратузилмасининг яхшилангани саноат ва тадбиркорлик ривожига замин яратди.
Бу ерда халқаро стандартларга мувофиқ энергия тежамкор, экологик хавфсиз ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилди. Ҳозирги кунда бундай корхоналар сони 531 тага етди. Уларда яратилган иш ўринлари сони эса 20 мингтага яқинлашди. Йиллик ишлаб чиқариш салоҳияти ҳам кам эмас – 6 триллион 800 миллион сўм. Жорий йилда ҳудуддаги 50 та корхонада 180 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади. Илгари Чилонзорда ҳеч қачон бундай кўрсаткичлар бўлмаган.
Давлат раҳбари ушбу ҳудуддаги “Tarleplast” корхонасида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди.

Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 25 миллион доллар. Корхонага Европанинг етакчи компанияларидан 12 турдаги замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. Натижада бу ерда йилига 90 минг тонна темир қувур ва пўлат профиллар ишлаб чиқариш имкони яратилди. Бу маҳсулотларни пулга чаққанда 900 миллиард сўм дегани. Корхонада 120 га яқин киши доимий иш билан таъминланди.
Аҳамиятлиси, юқори босимга ва ташқи таъсирларга чидамли қувурлар тури, ҳажми ва нархи бўйича рақобатбардош. Бунинг тасдиғини ўтган йили 4 миллион долларлик маҳсулот Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон каби мамлакатларга экспорт қилинганида ҳам кўриш мумкин. Энди сотув географияси янада кенгайтириш мўлжалланган.
Давлатимиз раҳбари мазкур индустриал ҳудудда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмасини кўздан кечирди. Яқин истиқболдаги саноат лойиҳалари тақдимот қилинди.
Жумладан, кўп қаватли ишлаб чиқариш биноси ва мономарказ ташкил этилиши кўзда тутилган. Бунинг натижасида ҳудудда яна 100 та янги лойиҳа амалга оширилади, қўшимча 3 мингта иш ўрни яратилади. Лойиҳалар қурилиш, фармацевтика, электротехника, полиграфия автомобилсозлик, тикув-трикотаж ва қандолатчилик каби йўналишларни қамраб олган.
Президентимиз тадбиркорлар билан суҳбатлашди. Қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлаш, иш ўринларини кўпайтириш ҳамда хизматларни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар