date

Тошкентдан Шанҳайга тўғридан-тўғри парвозлар бошланди

Тошкентдан Шанҳайга тўғридан-тўғри парвозлар бошланди
Ўзбекистон авиасаноати янги босқичга қадам қўйди — “Qanot Sharq” авиакомпанияси Тошкент ва Шанҳайни тўғридан-тўғри авиақатнов орқали боғлашга муваффақ бўлди. Мазкур рейс муваффақиятли амалга оширилиб, икки давлат ўртасидаги алоқалар учун янги саҳифа очилди.

Бундан буён икки мамлакатнинг иқтисодий ва маданий марказлари ҳисобланган Тошкент ва Шанҳай ҳафтасига икки марта — душанба ва пайшанба кунлари ҳаво йўли орқали мунтазам боғланиб туради. Бу фақат бир авиақатнов эмас, балки стратегик ҳамкорликнинг муҳим пойдеворидир.

Тўғридан-тўғри рейснинг йўлга қўйилиши Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Айниқса, бу янгилик икки мамлакат ишбилармонлари учун қулай шарт-шароитлар яратади. Саёҳат вақти сезиларли даражада қисқаради, логистика жараёнлари енгиллашади, юқори қийматли юкларни тез етказиб бериш имконияти ошади.

Икки томонлама инвестициявий муҳитни кучайтириш, савдо айланмасини кенгайтириш ва туризм салоҳиятини юксалтириш — буларнинг барчаси мазкур рейс орқали янги суръат олади. Шу билан бирга, хитойлик сайёҳлар учун Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларига бориш янада осонлашади.

Шанҳай — нафақат Хитойнинг, балки бутун Осиёнинг молиявий ва бизнес марказларидан бири. Энди ўзбекистонлик тадбиркорлар ушбу глобал шаҳарга тўғридан-тўғри учиш имкониятига эга. Бу эса уларга янги бозорлар, янги ҳамкорлар ва янги имкониятлар эшигини очади.

Aвиарейснинг йўлга қўйилиши фақат техник қадам эмас — бу дипломатик, иқтисодий ва маданий ҳамкорликнинг янада кенгайишига хизмат қилади. "Qanot Sharq" томонидан амалга оширилган бу ташаббус икки халқни бир-бирига яқинлаштирадиган янги ҳаво кўпригига айланади.

Фото: "Дунё" АА
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Тошкентдан Шанҳайга тўғридан-тўғри парвозлар бошланди