date

Чиқинди хизматлари бўйича қарздорларнинг электр энергияси тўлови чекланади

Чиқинди хизматлари бўйича қарздорларнинг электр энергияси тўлови чекланади
2025-йил 1-августдан бошлаб Ўзбекистон бўйлаб чиқинди хизматлари учун тўловни ўз вақтида амалга оширмаган абонентларга электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти вақтинчалик чекланади. Бу янги тартиб, чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун тўлов интизомини кучайтириш мақсадида, 2025-йил 7-мартда қабул қилинган 1044-сонли Қонунга асосан жорий этилмоқда.

Янги тизимга мувофиқ, ҳар ойнинг 3-санасига қадар қарздор абонентлар тўғрисидаги маълумотлар “Тоза макон” электрон биллинг тизимидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг биллинг тизимига узатилади. Шундан сўнг, 5-санасигача қарздор абонентларга “2100” қисқа рақам орқали СМС хабарнома юборилади.

Абонентларга қарздорликни бартараф этиш учун огоҳлантириш юборилганидан сўнг 5 кунлик қўшимча муддат берилади. Агар ушбу муддат ичида тўлов амалга оширилмаса, электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти автоматик тарзда вақтинчалик чекланади. Бироқ, қарздорлик бартараф этилиши билан мазкур чеклов ҳам автоматик равишда бекор қилинади.

Мазкур чора фақат 2025-йил 1-июлидан бошлаб шаклланган чиқинди хизматлари бўйича қарздорликларга нисбатан қўлланилади. 2025-йил 30-июнгача бўлган қарздорликлар эса ушбу тартиб доирасига киритилмайди.

Санитар тозалаш корхоналари чиқинди хизматлари учун тўловларни ҳисоблашда аниқлик ва ҳаққонийликка жавобгардир. Агар хизматлар белгиланган муддатда ва керакли сифатда кўрсатилмаган бўлса, абонентлар кўрсатилмаган кунлар учун ҳисобланган тўловлар бўйича қайта ҳисоб-китоб қилишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Аҳоли чиқинди хизматлари сифати ёки ҳисоб-китоб бўйича эътироз ва таклифларга эга бўлса, “Чиқиндиларни бошқариш ва циркульяр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги”нинг 1205 қисқа рақамига 24/7 режимда мурожаат қилиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Чиқинди хизматлари бўйича қарздорларнинг электр энергияси тўлови чекланади