Юртимизда иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва уларнинг рақобатбардошлигини ошириш йўлида муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда республикада 5,1 минг гектар майдонда иссиқхоналар фаолият юритмоқда ва сўнгги етти йил ичида уларда етиштириладиган маҳсулот ҳажми 110 минг тоннадан 546 минг тоннагача ортди. Бу эса, мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда катта ўрин эгаллайди.
Бироқ, соҳадаги муаммолар ҳам йўқ эмас. Тадбиркорлар кредит юки, ўғит нархи қимматлиги ва узлуксиз газ таъминоти етишмаслигидан шикоят қилмоқда. Мисол учун, 600 гектардан зиёд майдонда иссиқхона фаолияти тўхтаган бўлса, 128 гектари қарздорлик сабабли банк балансига ўтган. Шу боис, давлат томонидан иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилмоқда.
Янги имкониятлар ва енгилликлар:
-
Ички бозор билан бирга экспорт мажбуриятини олган, табиий газда ишлаётган иссиқхоналарга қишки мавсумда газ кафолатли ҳажмда берилади.
-
Кўмир ёки бошқа муқобил иситиш тизимида ишлайдиган ва экспорт мажбуриятини олган иссиқхоналарга ҳам табиий газга қайтиш имкони яратилади.
-
Айланма маблағ таъминоти учун олдиндан тўлов октябрь-март ойларига 50 фоиз қилиб белгиланади ва 1 октябргача шартнома имзоланади.
-
Муқобил иситиш тизимига ўтган иссиқхоналарга ажратилган кредит муддати узайтирилади.
-
Иссиқлик насослари технологияларидан фойдаланувчи иссиқхоналарга харажатларнинг 20 фоизгача қисми, кредит бўйича эса 4 фоизи қоплаб берилади.
-
Бундан буён иссиқхоналар, тоифасидан қатъи назар, ер солиғини қишлоқ хўжалиги ерлари ставкасида тўлайди.
-
2028 йилгача иссиқхона ишчилари учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга туширилади.
Бундан ташқари, Солиқ қўмитасига бутун тизим бўйича таҳлил ва мониторингни кучайтириш, иссиқхоналардан қисқартирилган газнинг бошқа соҳаларда қай даражада самарали ишлатилаётганини ўрганиш ва агар қўшилган қиймат паст бўлса, газни яна иссиқхоналарга йўналтириш топширилди. Экологик жиҳатдан эса, Тошкент вилоятидаги иссиқхоналар фаолиятининг ҳаво сифатига салбий таъсирига оид муаммолар кескин ҳал қилиниши лозим.
Президент ўз чиқишида: “Барча эшитиб олсин: иссиқхоналар бу – озиқ-овқат хавфсизлиги, иқтисодий хавфсизлик масаласи ҳисобланади”, — деб алоҳида таъкидлади ва тегишли идораларга соҳада қатъий назорат ўрнатиш топширилди.
Янги ислоҳотлар ва имкониятлар иссиқхона бизнеси учун мустаҳкам пойдевор яратади, ишбилармонларнинг ишончи ва фаолиятини янада рағбатлантиради. Юртимиздаги ҳар бир тадбиркор, фермер ва ишчи учун бу янгиликлар катта имконият ва янги босқични бошлаб бериши аниқ.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!